Абай вилояти миграция хизмати раҳбари 1000 доллар пора олаётган вақтда қўлга олинди

Гулвира Доненбаева. tengrinews.kz сайти фотосурати

27 сентябрь куни Коррупцияга қарши кураш хизматининг Абай вилояти бўйича ходимлари томонидан Миграция хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Гулвира Доненбоева қўлга олинди. У 1000 доллар пора олганликда гумон қилинмоқда, дея хабар беради Қозоғистон коррупцияга қарши кураш агентлиги ўзининг Телеграм-каналида.

Агентлик маълумотларига кўра, Доненбоева ўз қўл остидаги ходими орқали туман ички ишлар бўлими ходимини миграция хизмати шаҳар бўлимига ўтказишда ёрдам бергани учун 1000 АҚШ доллари олган.

Бу ишда мансабдор шахсдан ташқари, Абай вилояти ИИБнинг «бошқа» ходимлари ҳам гумон қилинмоқда. Аниқлик киритилишича, уларнинг барчаси вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

«Судга қадар тергов ишлари давом этмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, тергов манфаатларини кўзлаган бошқа маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас», — дейилади Агентлик хабарида.

Қозоқ оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Доненбаева бир неча йил аввал омма олдига ғайриоддий соч турмаги билан — пешонаси ва чаккасидан сочлари қиртишланган ҳолда пайдо бўлганидан кейин мамлакатда кенг танилган. Ўшанда мулозимнинг янги имиджи ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан қаттиқ танқид қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ