Тошкент шаҳрининг Сергели туманида юз берган портлаш факти юзасидан ИИВ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари («Одам ўлими ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.
Тегишли идоралар мутахассисларидан иборат тергов гуруҳи тузилган. Ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, тезкорлик билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ℹ️ Портлаш 28 сентябрга ўтар кечаси «Интер логистикс» компанияси омборида содир бўлган. Оқибатда яқин атрофдаги бинолар вайрон бўлган, 163 киши жароҳатланган, бир ўсмир ҳалок бўлган.
Портлаш ҳақида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига 02:43 (Москва вақти билан 00:43) да хабар берилган. Воқеа жойига 16 нафар ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган, ёнғин эрталаб соат 5 га келиб ўчирилган. Портлашдан кейин ёнғинни ўчириш ва оқибатларини бартараф этиш учун Мудофаа вазирлиги вертолёти ва Миллий гвардия ходимлари жалб қилинган.
Тошкент ҳокимияти жабрланганларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва босқичма-босқич қоплаш ишларини бошлаган. Мулкига зарар етган фуқароларнинг мурожаатлари 1205 қисқа рақами орқали қабул қилинади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида юз берган фавқулодда вазиятни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади. Жабрланганларга уч маҳал иссиқ овқат уюштирилган.