Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 28 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида 15 ёшли ўсмирнинг бошига дераза роми тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар беради.
Бошқа эҳтимолий қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Sputnik Фавқулодда вазиятларда шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари Ориф Инамовга таяниб хабар беришича, портлашдан сўнг 30 га яқин одам Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилган. Уларда асосан шилиниш ва тилинишлар мавжуд. Одамларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жўнатилган.
ℹ️ Портлаш «Интер логистикс» компаниясининг омборида юз берган. Воқеа ҳақида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига 02:43 (Москва вақти билан 00:43) да хабар қилинган. Воқеа жойига 16 нафар ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган, ёнғин эрталаб соат 5 га келиб ўчирилган.
Портлашдан кейинги ёнғинни ўчириш ва оқибатларини бартараф этиш учун Мудофаа вазирлиги вертолёти ва Миллий гвардия ходимлари жалб қилинган.