Қозоғистонда чет эллик ишчилар сони бўйича Хитой ва Ўзбекистон фуқаролари етакчилик қилишмоқда

kapital.kz сайти фотосурати

2023 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Қозоғистонда 14571 нафар хорижлик расман ишлайди. Маҳаллий компаниялар кўпроқ Хитой ва Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминламоқда, деб хабар беради Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, ташриф буюрган ишчиларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ХХР вакилларидир. Ушбу кўрсаткич бўйича пешқадамлар жадвали қуйидагича кўринади:

✅ Хитой — 3771 киши;

✅ Ўзбекистон — 2002;

✅ Туркия — 1370;

✅ Ҳиндистон — 1363 .

Агар иқтисодий фаолиятнинг айрим соҳаларига хорижий ишчи кучини жалб қилиш назарда тутилса, Қозоғистон норезидентларининг аксарияти қурилишда ишлайди — деярли беш минг киши ёки уларнинг умумий сонининг 34 фоизи. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчиликка оид корхоналарда хориждан икки мингга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Ундан кейин тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш ва илмий-техник фаолият каби тармоқлар туради.

Чет эллик ишчилар ҳам иш мажбуриятлари ва жамоадаги мақомига кўра тартибланади. Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, энг кўп — 6322 киши — мутахассислар (учинчи тоифа), ундан кейин таркибий бўлинмалар раҳбарлари (иккинчи тоифа) — 2732, кейин малакали ишчилар (тўртинчи тоифа) — 727 ва ниҳоят, менежерлар ва уларнинг ўринбосарлари (биринчи тоифа) – 527. Бундан ташқари, тўрт мингдан сал кўпроқ хорижлик одам мавсумий ишларга ёлланган ёки Қозоғистонга корпоратив трансфер доирасида келган.

Статистик маълумотларга кўра, республикада 1424 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида бошқа давлат фуқаролари ҳам бор. Ваҳоланки, мазкур корхоналарда ишловчиларнинг 97 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этади.

Вазирликнинг эслатишича, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар йили хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун квота белгиланиб, тақсимланади. Жорий йилда уларнинг сони 22 минг 260 нафар ёки республикадаги жами ишчи кучининг 0,24 фоизидан ошмаслиги керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ