«Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ташкил этди

ЭЛЕКТРИЧКА.РУС САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Хитойнинг BYD Auto компанияси ва «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида Марказий Осиё республикасида электромобиллар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишув имзоланди. Бундан ташқари, BYD Uzbekistan Factory корпорациянинг Хитойдан ташқаридаги биринчи инвестиция лойиҳасига айланади, деб хабар қилади Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар тегишли ҳужжатларни 26 сентябрь куни имзоладилар. Ҳамкорларнинг режаларига кўра,

BYD Uzbekistan Factory инвестиция лойиҳасининг биринчи ва иккинчи босқичларида электр ва гибрид двигателли 50 мингтагача автомобиль ишлаб чиқаради, учинчи босқич якунлангач, қўшма корхона қуввати 300 мингтагача оширилади.

Шу куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев BYD Президенти ва асосчиси Ван Чуаньфу бошчилигидаги хитойлик ишбилармонлар делегациясини қабул қилди. Учрашувда Жиззах вилоятида янги қўшма корхонани муддатидан олдин ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда ишлаб чиқариш таннархини сезиларли даражада камайтириш имконини берувчи бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш зарурлиги таъкидланди. Томонлар автомобилларни учинчи давлатларга экспорт қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон раҳбарияти меҳмонларнинг BYD электробусларини Ўзбекистонга етказиб бериш, бу ерда муҳандислик ва сервис марказларини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Хитойдан келган бир гуруҳ тадбиркорлар Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов билан ҳам музокаралар олиб бордилар. Ҳоким пойтахтга экологик тоза транспорт зарурлигини таъкидлади. Хитойлик ишбилармонлар, ўз навбатида, бутун республикада бўлгани каби шаҳарда ҳам сармоя киритиш учун қулай шароитлар яратилганини таъкидладилар. Учрашув якунлари бўйича BYD Auto ва Toshkent Invest компанияси ўртасида ўзаро англашув шартномаси имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида «Хитой – Марказий Осиё» саммити доирасидаги музокараларда Ўзбекистонда BYD электромобилларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди.

ℹ️ Хитойнинг BYD конгломерати замонавий электромобиллар ва янги авлод аккумуляторларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили ушбу компания муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда икки миллионгача автомобиль ишлаб чиқаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ