Афғонистон миллий валютаси — афғоний «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукмронлиги остида дунёдаги энг даромадли валюталардан бирига айланди. Bloomberg агентлиги Афғонистон валюта курси динамикасини таҳлил қилиб, шундай хулосага келган.
Унга кўра, афғон валютаси 2022 йили қарийб 14 фоизга, 2023 йилнинг охирги чорагида эса яна 9 фоизга ўсган. Агентлик ушбу ўсишнинг бир қанча сабабларини келтиради.
Аввало, бу толиблар томонидан олиб борилаётган молиявий сиёсат: улар мамлакат ичида доллар ва Покистон рупиясидаги молиявий операцияларни тақиқлаб қўйган, Афғонистондан ташқарига Америка валютасини олиб чиқиш учун жазо чораларини жорий қилган ва онлайн валюта савдосини тақиқлаган. Қоидабузарлар турли хил жазолар, жумладан қамоқ жазосига ҳам дуч келишади. Бундан ташқари, муҳим ҳажмларда мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдами етказиб берилиши ва Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан ривожланаётган савдоси афғонийни мустаҳкамланишида муҳим рол ўйнамоқда.
Шу билан бирга, Bloomberg қайд этишича, Афғонистондаги иқтисодий вазият ёмонлашмоқда. Ишсизлик ортиб бормоқда ва қишлоқ аҳолисининг учдан икки қисми асосий эҳтиёж молларини сотиб олишга қийналмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳалардаги беқарор вазият Афғонистон валюта курсининг ўсиши қисқа муддатли бўлишига, тез орада секинлашишига ва 2023 йил охирига келиб ҳозирги даражада тўхтаб қолишига олиб келади. Бундан ташқари, Афғонистон толибларнинг аёлларга нисбатан репрессив чораларни мунтазам равишда кучайтирувчи сиёсати натижасида глобал ёрдамнинг муҳим қисмини йўқотиши мумкин.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).