Қозоғистон иқтисодиёт вазирининг собиқ ўринбосари Храпуновлар уйларини ноқонуний сотгани бўйича айбланди

Иляс Усеров. golos-naroda.kz сайти фотосурати

26 сентябрь куни Олмаота шаҳрининг Медеу тумани 2-сонли судида Олмаота шаҳрининг собиқ ҳокими (мэри) Виктор Храпуновнинг мусодара қилинган мол-мулкини сотишда фирибгарликда айбланган мансабдор шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилди.

Zakon.kz хабарига кўра, суд судланувчиларни айбдор деб топган. Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирининг собиқ ўринбосари Илёс Усеров ва Олмаота молия департаментининг собиқ раҳбари Айнур Худойбергенова беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Олмаота шаҳар Миллий хавфсизлик қўмитаси бўлими бошлиғининг собиқ ўринбосари Талгат Муханов саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган, у Миллий хавфсизлик қўмитаси полковниги унвонидан маҳрум этилган.

Учаласига умрбод давлат хизматида ишлаш ман этилган. Улар жазони ўрта даражадаги хавфсизлик муассасасида ўташади.

ℹ️ Иляс Усеров 2022 йил 2 март куни Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари этиб тайинланган. Аммо 12 апрель куни унинг ҳибсга олиниши ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 2019 йили ўша пайтда Олмаота ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Усеров ва Кудайбергенова Мухановга Виктор Храпуновлар оиласининг илгари мусодара қилинган активларини атайлаб арзонлаштирилган нархларда сотишга ёрдам беришган. Гап «Эдельвейс» коттеж шаҳарчасидаги бешта турар-жой бинолари ва квартиралар ҳақида кетмоқда. Тергов маълумотларига кўра, давлатга етказилган зарар 819 миллион тенгедан (1,7 миллион доллардан ортиқ) ортиқни ташкил қилган.

Зарар Муханов ва Храпуновлар мулкини харидорлари томонидан қопланган. 26 сентябрдаги ҳукм бўйича мазкур кўчмас мулк давлат даромадига айлантирилди.

ℹ️ Виктор Храпунов 1997 йилдан 2004 йилгача Олмаота шаҳри мэри лавозимида ишлаган. 2007 йили у оиласи билан Қозоғистонни тарк этиб, Швейцарияга кўчиб ўтган. 2018 йил октабрь ойида Олмаота жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Храпуновни ўғирлик ва коррупция (хусусан, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, рафиқаси Лейлани бойишига ёрдам бергани даъво қилинган) учун сиртдан 17 йилга озодликдан маҳрум қилган, унинг рафиқасига 14 йил берилган. Суд собиқ ҳокимнинг мол-мулкини мусодара қилишга қарор қилган. Храпуновнинг ўзи эса унга қўйилган барча айбловларни рад этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ