Тошкент кинофестивалига «Ҳукмдор Усмон» ва «Эртугрул» сериалларининг актёрлари келади

Жалол Ал. mavink.com сайти фотосурати

Машҳур турк актёри Жалол Ал ва «Ҳукмдор Усмон», «Эртугрул» сериалларидаги роллари билан танилган бир қатор турк кино санъаткорлари «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишади. Бу ҳақда кинофестиваль ташкилотчиларининг расмий сайти хабар берди.

Жалол Ал телетомошабинларга «Эртугрул» сериалидаги Эртугрулнинг дўсти Абдураҳмон Алп (ёки оддийгина Раҳмон) роли, шунингдек «Ҳукмдор Усмон» тарихий достонининг давомидаги Усмоннинг ўртоғи Абдураҳмон Ғози роли билан танилган.

Шунингдек, Тошкентга «Ҳукмдор Усмон» сериалида Демиржи Довуд ролини ўйнаган Аҳмед Енилмез, Режеп Чавдар (Андреас), Али Бухара Мете (Мерген), Латиф Кору (Шаҳзода Сальвадор) ташриф буюради.

Туркия делегациясининг Турк дунёси кинематографиясига бағишланган ТУРКСОЙ фестивалида иштирок этиши режалаштирилган.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ