Қозоғистон ҳукумати сайғоқларни сони тартибга солинадиган ҳайвонлар турлари рўйхатига киритди. Бу ҳақда Кazakhstan today хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазирининг «Бошқа хўжалик мақсадларида фойдаланиладиган (овчилик ва балиқчиликдан ташқари) ва фойдаланилмайдиган ҳайвонлар турлари, аммо экологик, маданий ва бошқа аҳамиятига молик ҳайвонлар турлари, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа уй ҳайвонларини касалликлардан ҳимоя қилиш, атроф-муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги фаолиятига катта зарар етказиш хавфининг олдини олиш мақсадида сони тартибга солиниши лозим бўлган ҳайвонлар турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Янги тартиб 2023 йил 6 октабрдан кучга киради.
Сайғоқлардан ташқари, сони тартибга солинадиган ҳайвонлар турлари рўйхатига бўри, шоқол, қарға, йирик баклан ва илон боши киради (Орол-Сирдарё популяцияси бундан мустасно).
ℹ️ Қозоғистонда сайғоқлар сони ўтган асрнинг охирларида кескин камайган, 2003 йили мамлакатда 20 минг бош бўлган. Ҳукумат 2024 йилгача сайғоқлардан фойдаланишни тақиқлаб, уларни фақат илмий мақсадларда тутишга рухсат берган ва популяцияни тиклашни бошлаган.
«Қозоғистонда сайғоқ популяциясини сақлаб қолиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга, сайғоқ Қозоғистоннинг Қизил китобига киритилмаган. Бу кўп жиҳатдан унинг популяциясини тезда тиклаш ва кўпайтириш қобилиятига боғлиқ бўлган», — дея тушунтиради Константин Плахов, Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги Фан қўмитаси Зоология институти биоценология ва овчиликни бошқариш лабораторияси мудири.
Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг баҳорида авиа тадқиқот натижасида республикада сайғоқлар сони 1,9 миллион бошдан ошгани аниқланган. Йил охирига келиб, 2,6 миллион бошга кўпайиши прогноз қилинмоқда.
Сайғоқлар сонининг юқори даражада кўпайиши қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари билан яйловлар ва суғориш жойлари учун рақобатни кучайтиради ва қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳаддан ташқари ўтланишига олиб келади. Деярли 122 минг гектар экинга зарар етган, тахминий зарар 12 миллиард тенгедан (25 миллион доллардан ортиқ) ортиқни ташкил қилган.
2022 йил июнь ойида Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешев сайғоқлар сонини 80 минг бошга қисқартириш ниятида эканлигини маълум қилган ва бунинг учун мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевдан танбеҳ олган эди.