Толиблар Хитой компанияси билан видеокамералар ўрнатиш бўйича ҳамкорлик қилмоқчи

TOLOnews сайти фотосурати

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистон шаҳарлари учун кенг кўламли кузатув камералари тармоғини яратиш ниятида Хитойнинг Huawei компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Reuters ўз манбасига таяниб хабар беради.

«Толиблар хавфсизликни тиклаш ва Афғонистон шаҳарларида содир этилган кўплаб йирик хуружлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган «Ислом давлати»*ни йўқ қилишга эътибор қаратган ва бу ҳолат мазкур соҳада Huawei билан ҳамкорлик қилишга ундайди», — дейилади агентлик хабарида.

Таъкидланганидек, бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик камераларини ўрнатиш дастури Американинг Афғонистон пойтахти Кобулдаги видеокузатув тизимини модернизация қилиш режасини ўзгартиришни ўз ичига олиши мумкин.

Кобул ва бошқа шаҳарлардаги «нозик нуқталар»ни қамраб оладиган кенг кўламли камералар ўрнатилиши янги хавфсизлик стратегиясининг бир қисмидир ва уни тўлиқ амалга ошириш учун тўрт йил керак бўлади, дейди толиблар ҳукумати Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Матин Қани (Abdul Mateen Qani).

«Ҳозирда биз Кобулнинг хавфсизлик харитаси устида ишлаяпмиз, бу харита хавфсизлик бўйича экспертлар томонидан тугалланмоқда ва кўп вақт талаб этади. Бизда иккита харита мавжуд, бири АҚШ томонидан аввалги ҳукумат учун, иккинчиси Туркия томонидан яратилган», — дейди Қани.

Бироқ, у лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Bloomberg мунозаралардан хабардор шахсга таяниб, Huawei ва толиблар видеокузатув тизимини ўрнатиш шартномаси бўйича «оғзаки келишув»га эришгани ҳақида хабар берган эди.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ