Хитойликлар Фарғона вилоятида 1 миллиард долларга тўртта ФЭС ва электробуслар ишлаб чиқарадиган завод қуради

Фотоэлектростанция. mir24.tv сайти фотосурати

Фарғона вилояти раҳбарияти ва хитойлик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг ушбу вилоятида тўртта фотоэлектр станция (ФЭС) қуриш бўйича шартнома тузди. Ушбу лойиҳаларга жами 1 миллиард доллар сармоя йўналтирилади, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қуёш электр станцияси қурилишини Хитойнинг қуйидаги компаниялари амалга оширади:

✅ China Power International;

✅ CAMC Engineering;

✅ Shaanxi Xiangsheng Industrial Group;

✅ China Huadian Engineering.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Фурқат туманида Хитойнинг DongFeng Special Car Company корпорацияси электробуслар ишлаб чиқарадиган завод қуриш ниятида. Биринчи босқичда хорижлик ҳамкорлар томонидан корхонани ривожлантиришга қарийб 100 миллион доллар сармоя киритилади.Бу йилига 1000 донагача техника ишлаб чиқариш имконини беради.

Фарғоналик мутасаддилар яна бир Jiangxi Anchi New Energy Technology компанияси билан электр автобуслари учун аккумуляторлар ва экологик тоза автомобилларни қувватлантирувчи қурилмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Хитойлик ҳамкорлар ушбу корхоналарга мос равишда 30 миллион ва 50 миллион доллар сармоя киритишади.

Бундан ташқари, енгил саноат, мисни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда яна ўнга яқин лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган. Умумий ҳолда, хитойликлар ушбу қўшма корхоналарга 120 миллион доллардан ортиқ сармоя киритиши кутилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, шартномалар вилоят раҳбари Хайрулло Базаров бошчилигидаги Ўзбекистон расмийларининг Хитойга амалий ташрифи чоғида тузилган. Учрашувлар якуни бўйича томонлар ўртасида умумий қиймати 1 миллиард 370 миллион доллар бўлган савдо ва сармоявий лойиҳалар бўйича 29 та битим имзоланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ