«Антиструмин» препарати истеъмолидан сўнг, Ўзбекистон бўйлаб 600 дан ортиқ болалар касалхонага ётқизилган

qalampir.uz сайти фотосурати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, таркибида йод бўлган «Антиструмин» препарати истеъмолидан сўнг касалхонага ётқизилган болаларнинг сони 600 нафардан ошган. Айни дамда Тошкент, Наманган ва Андижон вилоятларида заҳарланиш ҳолатлари маълум.

Ўзбекистонда 20 сентябрдан болалар боғчалари ва мактабларда йодлаш дастури бошланган. Орадан икки кун ўтиб Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг оммавий касалхонага ётқизилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Беморлар иситма, қорин оғриғи, қусиш ва диареядан шикоят қилишган. Шифокорлар уларнинг аксариятига дастлабки заҳарланиш ташхисини қўйишган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тиббиёт муассасаларига 70 дан ортиқ боғча ва мактаб ўқувчилари мурожаат қилган. Бироқ ,23 сентябрь куни Республика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «Дарё» нашри журналистлари билан суҳбатда бошқа рақамларни ҳам маълум қилган. Мулозимга кўра, биргина Наманган вилоятидаги шифохоналарга 450 нафар бола ётқизилган бўлса, уларнинг 306 нафари Чуст тумани аҳолиси бўлган. Вазирлик вакилининг аниқлик киритишича, заҳарланганлар орасида бирорта ҳам одамнинг аҳволи оғир эмас, 149 нафар беморнинг соғлиғи яхшиланиб, уйига кетишга рухсат берилган.

22 сентябрь куни кечқурун Андижон вилояти ҳокимлиги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази маҳаллий филиалининг токсикология бўлимига 12 нафар бола ётқизилгани ҳақида хабар берди. Расмийлар уларнинг барчаси мажбурий йодлашнинг бир қисми сифатида «Антиструмин»ни қабул қилишганини тасдиқладилар. Шу билан бирга, шифокорларнинг фикрига кўра, беморларда «препаратнинг ножўя таъсири» кузатилмоқда.

23 сентябрь куни Qalampir нашри Тошкентда 160 нафар бола шифокорга мурожаат қилгани, уларда наманганлик беморлар каби аломатлар борлиги ҳақида хабар берди. Жабрланганларнинг ота-оналари, муаммолар таълим муассасаларида «Антиструмин» қабул қилинганидан кейин бошланганини даъво қилишмоқда. Қўпчилик йодлаш бошланишидан олдин расмийлар ҳеч кимнинг фикрини сўрамаганидан норози, журналистларнинг суҳбатдошларидан бири болалар «тажриба қуёнлари»га айлантирилганини куйикиб гапиради.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши юзасидан Республика Жиноят кодексининг 257-1-моддаси («Санитария қонунчилиги ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузганлик») билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Мутахассислар болалар саломатлигининг ёмонлашиши сабабларини аниқлаш учун лаборатория текширувларини ўтказишмоқда. Ҳозирги вақтда иккита версия мавжуд: «Антиструмин» препаратини қабул қилгандан кейин йоднинг ҳаддан ташқари дозаси ошиб кетгани ёки озиқ-овқатдан заҳарланиш. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўринбосари Боситхонова ҳам «асосий гумон ўткир респиратор вирусли инфекция билан боғлиқ», дейди. Унинг сўзларига кўра, 20 га яқин бемор йод қабул қилмаган, иккитасида ПЦР тестидан сўнг COVID-19 белгилари аниқланган.

Шу билан бирга, «Антиструмин» таркибидаги йод миқдори вояга етмаганлар учун кунлик эҳтиёждан сезиларли даражада ошиб экани маълум бўлди. Препаратнинг тавсифида айтилишича, у катталар ва 12 ёшгача бўлган болалар томонидан ҳафтада бир марта ишлатилиши мумкин, аммо якуний дозани шифокор индивидуал равишда белгилайди. Дозани ошириб юбориш ҳолатларида қусиш, диарея, қорин оғриғи ва иситма каби белгилар пайдо бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Антиструмин» препаратини қўллашни тақиқлаб қўйди ва чекловлар ўзбекистонликларнинг соғлиғи ёмонлашуви сабабларига ойдинлик киритилмагунча, экспертиза натижалари эълон қилинмагунча амалда бўлишини қайд этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ