23 сентябрь куни соат 19:00 да Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган Asia Cinema кинотеатрида Россиядаги Марказий Осиёлик муҳожирлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи «Продукты 24» («Маҳсулотлар 24») фильми намойиш этилади.
Тадбир ташкилотчиларининг «Фарғона»га маълум қилишича, намойиш доирасида томошабинлар фильмни унинг режиссёри Михаил Бородин, шунингдек кино эксперти, санъатшунослик фанлари доктори, FIPRESCI аъзоси Нигора Каримова билан муҳокама қилишлари мумкин бўлади.
«Мухаббат Москва чеккасидаги озиқ-овқат дўконида яшайди ва ишлайди. Москванинг турар-жойларида бундай дўконлар кўп — кўп қаватли бетон биноларнинг подвалларида яширинган кичик хоналар. Бу ерда ишлаётганларнинг аксарияти мигрантлар. Уларнинг кўпчилиги қатори Муҳаббат ҳам қуллик ҳолатида бўлади. Унинг пули ва ҳужжатлари йўқ, қочадиган жойи йўқ.
Умидсизлик ва қўрқувни енгиб, Муҳаббат озодликка чиқади. Бироқ, у энг қимматли нарсасини қайтариб олиши учун оғриқлар, муроса ва йўқотишларга тўла узоқ йўлни босиб ўтиши лозим», — дейилади «Продукты 24» фильми аннотациясида.
Фильм сценарийси ҳақ-ҳуқуқсиз қуллар ҳолатига тушиб қолган Марказий Осиёлик муҳожирлар ҳаёти билан боғлиқ реал воқеага асосланган. Гап Москванинг Гольяново туманида жойлашган дўкон ҳақида бормоқда. Бу ерда 2012 йили бир гуруҳ фуқаролик фаоллари 12 кишини, жумладан 9 нафар аёлни қулликдан қутқарган. Озод қилинганларнинг сўзларига кўра, савдо нуқталари эгалари – Қозоғистон фуқаролари уларни текинга ишлашга мажбурлашган, ёмон шароитда сақлашган, мунтазам равишда калтаклашган, аёлларни зўрлашган.
Фаоллар мазкур қуллар ҳақида бир неча йиллардан бери ишлашга кетган қизларидан хабар олмаган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг икки фуқароси билан боғланганидан кейингина билиб олишган.
ℹ️ «Продукты 24» фильми 72-Берлин кинофестивалининг «Форум» дастури иштирокчиси. Фильм ушбу тадбир доирасида бўлиб ўтган «Панорама» дастурининг нуфузли премьераларидан бирига айланган. Фильм Европа бадиий фильмлар конфедерациясининг мукофоти билан тақдирланган.