«Варкрафт» менежери бошчилигидаги Хитой делегацияси Тошкент кинофестивалида илк бор иштирок этади

Байроқлар. yuz.uz сайти фотосурати

«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалига Хитой киноижодкорлари делегацияси илк бор ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Делегация таркибига Хитойнинг рақамли фильмлар кўргазма компанияси бош директори, илгари Голливуднинг «Варкрафт» ва «Пиксели» фильмларида менежер бўлиб ишлаган продюсер Янг Хунтао, Хитой кинопрокат корпорациясининг прокат департаменти директори ўринбосари Ли Юэ ва Хитой кинокорпорациясининг халқаро бўлими бошлиғи Лиу Фанг киради.

Кинофестивал давомида Хитойда суратга олинган иккита фильм намойиш этилиши режалаштирилган. Булар катта бюджетли фантастик жанрдаги «Адашган ер 2» ва «Ҳаёт риштаси» драмасидир.

Ўтган йили Тошкент кинофестивали доирасида Хитой фильмлари намойиш этилган, бироқ пандемия чекловлари сабаб Хитой вакиллари тадбирда шахсан иштирок этишолмаганди.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ