Британиялик режиссёр, Исломга оид туркум фильмлар муаллифи Абдул Латиф (Овидио) Салазар «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда кинофестивалнинг расмий сайтида хабар берилди.
Салазар ислом динига оид фильмлар, жумладан, «Ал-Ғаззолий: Бахт кимёгари», «Маккага саёҳат» ҳужжатли лойиҳалари ва ВВCнинг «Ислом чеҳралари» сериалини суратга олган замонамизнинг энг ёрқин режиссёрларидан бири ҳисобланади.
Салазарнинг сўзларига кўра, у ислом моҳияти ва пайғамбар С.А.В йўлини англаш борасида узоқ изланишлардан сўнг ислом динини қабул қилган. Мусулмон бўлиб, исмини Абдул Латиф деб ўзгартириб, ҳажни адо этган. Араб тилини билади. Режиссёрнинг таъкидлашича, гарчи унинг профессионал фаолияти мусулмон дунёсига оид фильмларни суратга олиш билан боғлиқ бўлса-да, у бутун инсониятни ўзининг томошабинлари деб билади.
Жорий йил баҳорида Саудия Арабистонида премераси бўлиб ўтган «Ҳижра: Пайғамбар изидан» сўнгги асари Муҳаммад С.А.В нинг 622 йили Маккадан Мадинагача бўлган саккиз кунлик саёҳати ҳақидаги биринчи кинофильмдир.
ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.
2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.