Қозоғистон ҳукумати илк бор «хорижий агентлар», ННТ ва журналистлар реестрини эълон қилди

ДДҚ сайти саҳифасидан скриншот

Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси (ДДҚ) сайтида Россиянинг «хорижий агентлар» рўйхатига монанд – «Чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет элликлардан пул ёки бошқа мол-мулк олган ва бу ҳақда эълон қилиши лозим бўлган шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар реестри жойлаштирилган.

Рўйхатга 240 нафар жисмоний ва юридик шахс – хорижий компаниялар ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), жамоат фондлари, журналистлар киритилган. Шу жумладан:

👉 «Эдил Соz» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси;

👉 Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон халқаро бюроси;

👉 Internews ва Reuters агентликларининг Қозоғистондаги ваколатхоналари;

👉 masa.media ва malim.kz маҳаллий нашрларининг юридик шахслари;

👉 Норвегия Хелсинки қўмитасининг Қозоғистондаги ваколатхонаси;

👉 Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси;

👉 «Январ воқеалари»ни ёритган журналист Динара Эгеубаева, депутатликка собиқ номзод;

👉 Россия «Газпромбанк»ининг ваколатхонаси ва бошқалар.

ДДҚнинг тушунтиришича, реестр 2022 йили Солиқ кодексининг 29-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ тузилган бўлиб, қўмита интернет-ресурсларда чет элдан молиялаштириладиган шахслар реестрини эълон қилиш мажбуриятини юклаган. «Ушбу ўзгартириш умуман олганда фуқароларнинг давлатга ҳам, нодавлат ташкилотларга ҳам ишонч даражасини оширишга қаратилган», — дея қўшимча қилди Давлат даромадлари қўмитаси.

Май ойида Қозоғистон Молия вазири Эрулан Жамаубаевдан хориждан молия олаётган қозоқ ширкатларига хорижий агент мақоми бериладими, деган савол берилган эди. Вазир жавобига кўра, амалдаги қонунчиликда «хорижий агент» тушунчаси мавжуд эмас.

«Маблағлар манбасини кузатишни талаб қилувчи қоидалар мавжуд. Кимдир чет элдан молиялашса, декларация беринг, бошқа ҳеч нарса керак эмас»,деганди Жамаубаев.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, қўшни Россияда хориждан маблағ олувчилар рўйхатида бўлганлар ўзлари эълон қилган барча материалларни махсус эслатма билан бирга олиб боришлари ва ўз фаолияти ҳақида мунтазам ҳисобот беришлари шарт. Улар учун босқичма-босқич бир қатор чекловлар ва тақиқлар жорий этилган. Хусусан, Россия Федерациясида хорижий агентларнинг мансабдор шахслари, сайлов комиссиялари ва давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги маслаҳат органларининг аъзоси бўлишлари, қонунларнинг коррупцияга қарши мустақил экспертизасини ўтказишлари, оммавий тадбирларни ташкил этишлари, вояга етмаганларга нисбатан таълим фаолиятини амалга оширишлари, давлат таълим муассасаларида ўқитишлари тақиқланади.

Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш қонунни жорий қилишга уринишмоқда, бунга фуқаролик жамияти фаол қаршилик кўрсатмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллари Қирғизистон раҳбариятини қонун қабул қилинишига йўл қўймасликка чақиришди, уларнинг фикрича, матн Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонуни матни билан деярли бир хил бўлиб, фақат қонун билан фарқланади. Қирғизча вариантда «агент» сўзи «вакил» сўзи билан алмаштирилган. Улар ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши нотижорат сектори ва Қирғизистон иқтисодиётига хориж инвестицияларининг қисқаришига олиб келиши, бу эса ўз навбатида аҳоли муҳтож бўлган ННТ томонидан кўрсатилаётан ижтимоий хизматларнинг камайишига олиб келишидан огоҳлантирдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ