Канн кинофестивали лауреатлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Кино 5 кун ичида» танловида ҳакамлик қилишади

Александр Сокуров. la-croix.com сайти фотосурати

«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали ташкилотчилари «Кино 5 кун ичида» ёш ижодкорлар танловининг ҳакамлар ҳайъати аъзоларини маълум қилди.

Ҳакамлар ҳайъати таркибида жаҳон киносининг моҳир усталари бор. Шу жумладан:

👉 энг номдор россиялик режиссёрлардан бири, Венеция ва Канн кинофестиваллари совриндори Александр Сокуров;

👉 Афғонистонлик кинорежиссёр ва продюсер, «Олтин глобус» мукофоти ва Канн кинофестивали мукофоти совриндори Сиддиқ Бармак;

👉 машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Маҳмудов;

👉 машҳур грузиялик режиссёр Ираклий Квирикадзе;

👉 машҳур туркман режиссёри Хўжақули Нарлиев.

«Кино 5 кун ичида» танлови Тошкент халқаро кинофестивали доирасида кетма-кет учинчи маротаба ўтказилмоқда. Бу йил танловда Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистондан изланувчан кино ижодкорлари иштирок этади.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ