Алексей Учитель ижодкор ёшлар учун маҳорат дарси ўтказади

Алексей Учитель. yeltsin.ru сайти фотосурати

Россиялик режиссёр Алексей Учитель «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кинорежиссёр кинофестивалнинг очилиш маросимида нафақат қизил гиламдан ўтади, балки Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари ва ижодкор ёшлар учун маҳорат дарси ҳам ўтказади.

Алексей Учитель — энг машҳур ва изланувчан замонавий рус киноижодкорларидан бири саналади. Учитель ўнлаб фильмларни яратган, улар орасида «Рок», «Башоратчи коинот», «Ўлка», «Матильда», «Стрельцов». Режиссор кўплаб нуфузли мукофотлар, жумладан «Олтин бургут» ва «Муқаддас Георгий» мукофотлари совриндори.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ