Тошкент кинофестивалига Франциянинг «машҳур такси ҳайдовчиси» Сами Наcери келади

Сами Насери. almode.ru сайти фотосурати

«Такси» кинофраншизасининг бош юлдузи Сами Насери «Ипак йўли дурдонаси» ХV Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сами Наcери кинофестивалга продюсер София Ҳаджи билан бирга келади. Насерининг кинофестиваль очилиш маросимида қизил гиламдан ўтишидан ташқари, мухлислари билан ижодий учрашувда ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Сами Наcери Лук Бессоннинг «Такси» фильми франшизасида парижлик такси ҳайдовчиси Даниэл роли билан машҳур. Шу билан бирга, «Такси» фильмини суратга олишдан олдин ҳам Насери машҳур эди. Шундай қилиб, «Жаннат» фильмидаги Том Жилу роли учун Сами Локарно ва Париждаги кинофестивалларда иккита мукофотга сазовор бўлган. Сами рол ўйнаган сўнгги фильмлар орасида «Супер алиби» ва «Муҳожир» картиналари бор.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ