Москва Бишкек ва Душанбе ўртасида давлат чегарасига доир бахслар кучайганига муносабат билдирди

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегараси. Sugdnews сайти фотосурати

Россия Қирғизистон ва Тожикистонни чегараларни тартибга солиш масалалари бўйича кескин баёнотлар ва шошқалоқ қадамлардан сақланишга чақиради. Бу ҳақда икки давлат чегарасидаги вазият юзасидан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) баёнотида айтилади.

«Москва Бишкек ва Душанбе ўртасида чегарани демаркация қилиш соҳасидаги мавжуд қарама-қаршиликлар бўйича ўзаро риториканинг кучайиши муносабати билан вазият ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Биз дўстлар ва иттифоқчиларимизни қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жараёнида яқинда эришилган ижобий натижаларни инкор этиши мумкин бўлган қўпол баёнотлар ва шошилинч қадамлардан тийилишга чақирамиз», — дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Аввалроқ, 15 сентябрь куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев яқинда «янги ҳужжатлар аниқлангани, унга кўра кўплаб қирғиз ерлари Тожикистонга ўтказилгани» ҳақида маълум қилганди. Бишкек «Тожикистонга ўнлаб, ҳатто юз йиллар аввал берилган ерларимизни қайтариб олиш имкониятига эга», дея қўшимча қилганди махсус хизмат раҳбари.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ва Тожикистон Россиянинг «стратегик ҳамкорлари ва иттифоқчилари» эканини таъкидлайди, бу эса Москванинг Марказий Осиё давлатлари ўз ичига олган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва кескинликни олдини олишдан «сўзсиз манфаатдорлигини» англатади.

«Россия томони барча мавжуд қарама-қаршиликлар икки томонлама ҳукуматлараро комиссия доирасида фақат сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал қилиниши кераклигидан келиб чиқади», — деб тушунтиради Россия ТИВ. Ва Россиянинг «ҳамкорларимиз учун мақбул бўлган ҳар қандай ёрдамни беришга» тайёрлигини маълум қилинди.

Айни вақтда, Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, 19 сентябрь куни Эмомали Раҳмон Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашган. Учрашувда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Музокаралар тафсилотлари ҳақида хабар берилмаган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда «Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратганлар».

ℹ️ Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 976 километр бўлиб, шундан атиги 664 километри делимитация ва демаркация қилинган. Баҳсли ҳудудларда икки давлат чегараолди аҳолиси ўртасида йўллар, сув ва қуруқликдан фойдаланиш бўйича мунтазам равишда низолар бўлиб туради. Сўнгги вақтлардаги энг йирик чегара можароси ўтган йил 15-16 сентябрь кунлари содир бўлган. Тўқнашувларда ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлган. 100 га яқин одам ҳалок бўлган, 150 мингдан ортиқ киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Икки кун давомида юзлаб уйлар, жамоат объектлари ва инфратузилмага зарар етказилган, бунинг натижасида кўпчилик уй-жойлари, мол-мулки, озиқ-овқат таъминоти ва яшаш воситаларидан маҳрум бўлган. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблаган.