Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида диний тоқатсизлик ва исломофобия ҳолатларининг олдини олишга чақирди

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИ 78-СЕССИЯСИДА. ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида диний тоқатсизлик кўринишларига йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилди.

«Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз», — деди Мирзиёев.

У ЮНEСКО шафелигида Ўзбекистонда Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш, 2024 йили «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди.

«Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилишда эришилган муваффақиятлар ва ҳукуматнинг яқин истиқболдаги мақсадлари ҳақида гапириб, қатор халқаро ташаббуслар билан чиқди:

👉 2024 йили Ўзбекистонда БМТ шафелигида «Ижтимоий ҳимоя: барқарор ривожланиш йўли» мавзусидаги жаҳон конференциясини ўтказиш;

👉 БМТ ҳузурида Марказий Осиёда ёшлар ривожланишига кўмаклашиш ва 2030-йилгача бўлган давр учун минтақадаги ёшлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш;

👉 2024 йил Ўзбекистонда жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш учун Осиё аёллари форумини ўтказиш;

👉 «Марказий Осиё иқлим мулоқоти»ни ташкил этиш;

👉 «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик учун бирдамлик» резолюциясини қабул қилиш ва Самарқандда халқаро иқлим форумини ўтказиш;

👉 халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда бирлашиш.

Ўзбекистон президенти халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.

«Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда. Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз», — деди Мирзиёев.

У Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини ушбу мамлакатдаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтириш механизмини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

«Мен бугун ушбу нуфузли минбардан туриб, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга чақираман. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилаш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман», — деди Ўзбекистон президенти.

Шу куни Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани мамнуният билан қайд этилди.

«Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳосилини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда. Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда», — деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кенг кўламли шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ