Кшиштоф Занусси Тошкент кинофестивалида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этади

Кшиштоф Занусси. silver.ru сайти фотосурати

Польшалик режиссёр, продюсер ва сценарий муаллифи Кшиштоф Занусси кетма-кет иккинчи йил «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йилгидек, Занусси ёш киноижодкорларнинг «Беш кун ичида кино» халқаро танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашади ва Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали талабаларига маҳорат дарси ўтади. Режиссёр билан очиқ ижодий учрашув ҳам режалаштирилган.

Кшиштоф Занусси — Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» бош мукофоти ҳамда кўплаб халқаро ва миллий мукофотлар совриндори. У «Чантиқ», «Ҳимоя ранглари», «Иллюминация» каби фильмларни суратга олган.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ