Қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Боранбаев давлатга 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ маблағни ихтиёрий равишда қайтарди. Улар орасида нефть кони, газ тақсимлаш компанияси, хизмат кўрсатиш корхонаси, меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуалари, фитнес марказлари тармоғи, офис бинолари ва бошқалар бор, деб хабар беради Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати.
Боранбаев, шунингдек, Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 30 миллиард тенге (65 миллион доллар) ўтказган.
«Ушбу объектларнинг барчаси давлат органлари ва компаниялар балансига ўтказилади ва маблағлар таълим инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади», — дейилади хабарда.
Агентликнинг эслатишича, аввалроқ тадбиркор табиий газ импорт қилинишида маблағ ўғирланиши бўйича тергов доирасида 14,5 миллиард тенге (31,5 миллион доллар) миқдоридаги зарарни ҳам қоплаган.
Қайрат Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой ва нуфузли 50 нафар тадбиркори қаторидан жой олган. Унинг қизи 2020 йил август ойида вафот этган собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан эди. Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати 2022 йил 17 март куни Бўранбаев ҳибсга олингани ҳақида маълум қилганди. Тадбиркорга квазидавлат секторида катта миқдорда маблағларни ўзлаштирганлик айби қўйилган.
Жорий йилнинг март ойида Остона шаҳрининг 2-Саряркин тумани суди Боранбаевни 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Иш бўйича яна икки айбланувчи — «АзияГазЧунджа» бош директори Роман Наханов ва QazaqGaz бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Таир Жанузак саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар газни миллий компанияга қайта сотиш вақтида 14,5 миллиард тенге ўғирлашда айбдор деб топилган.
Ўтган йил ёзида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати газ нархи кўрсатилган ҳужжатнинг асл нусхаси бўлмагани боис Бўранбаев ва бошқа айбланувчиларга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилган. Иш апелляция суди томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқиндан бери Қозоғистонда маҳаллий ишбилармонларнинг келиб чиқиши қонуний экани исботланмаган мулкларни давлат мулкига қайтаришлари мумкинлигига доир қонун амалда. Активларни ихтиёрий равишда ошкор қилган ва давлатга қайтарган тадбиркор барча турдаги жавобгарликдан озод қилинади.