Ўзбекистон парламенти Давлат думаси депутатининг СССР парчаланишининг ноқонунийлигига доир баёнотига муносабат билдирди

newizv.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев Россия Давлат думасининг «Единая Россия» партиясидан депутати Евгений Федоровнинг республикаларнинг СССР таркибидан чиқишининг ноқонуний экани ҳақидаги навбатдаги баёнотига жавоб беришга қарор қилди.

Федоровнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда барча суверен постсовет давлатлари СССРнинг 1409-сонли қонунини бузган ва шунинг учун «эртами-кечми Россия билан тўқнаш келади ёки жанг қилади».

«Агар биз собиқ Иттифоқнинг барча республикалари билан муносабатларни қонун асосида тикламасак, яъни улар билан халқаро ҳуқуқ ва Совет Иттифоқи қонунларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг мақоми тўғрисида музокаралар олиб бормасак, бизни низолар кутмоқда. Масалан, улар томонидан 1991 йилги 1409-сонли қонун бузилган», — дейди Федоров.

«Уларни ҳарбий йўл билан мағлуб этиб бўлмайди, чунки улар ёлғиз эмас, уларнинг ортида америкаликлар турибди», — дея қўшимча қилган у.

ℹ️ «Иттифоқ республикасининг СССР таркибидан чиқиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида» ги 1409-сонли қонун 1990 йил апрель ойида, мамлакатнинг парчаланиши хавфи аниқ бўлган пайтда қабул қилинган. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари, хусусан «Коммерсант» қонун суверенизацияни жуда қийинлаштирганини таъкидлаган: «Чиқиш тартибида учта асосий босқич мавжуд ва уларнинг ҳар бири иттифоқдан чиқишни истаган республика учун кўплаб тузоқларни қўяди».

Одилжон Тожиев Telegram даги постларида ўзбек ва рус тилларида Федоровнинг баёнотларини «ғоят оригинал» деб атайди.

«Унинг айтишича, Совет Иттифоқини барча республикалар ноқонуний тарк этган, аллақандай 14/09-сонли қонунни бузган ҳолда. Афтидан, Фёдоров Конституция барча қонунлардан устун эканлигини тушунмайди. Модомики, СССР Конституциясининг 72-моддасида шундай дейилган эди: “Ҳар бир Иттифоқ республикаси СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади», — деб ёзади спикер ўринбосари.

Фёдоровнинг мантиғига амал қилинадиган бўлинса, ўтган шу 32 йил давомида Россия Федерацияси номидан иш тутган Президентлар Ельцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлат ҳокимиятининг барча институтлари бу республикалар билан ноқонуний муносабатларда бўлишган, дея ўз фикрини давом эттиради Тожиев.

«Яъни, икки томонлама (суверен тенглик асосидаги сиёсий-дипломатик, иқтисодий, ҳарбий, маданий ва бошқа соҳалардаги) алоқаларнинг барчаси ҳамда кўп томонлама форматлар, битимлар, шартномалар (МДҲдан бошлаб турли хил Шанхай шартномаларигача) ноқонуний эди. Бу ҳолда, бутун дунёга ишонч билан эълон қилиш мумкинки, бундай ноқонуний ҳуқуқий маконда ишлайдиган Россия ҳокимият институтлари ўз моҳиятига кўра ноқонуний ҳисобланади», — дея хулоса қилади Тожиев.

Ниҳоят, у «Единая Россия» вакили Россия давлатидаги барча ҳокимият институтларини ноқонуний муносабатлари учун тарқатиб юборишга чақиряптими, деган саволни ўртага қўяди.

Ўзбекистон парламентининг яна бир депутати, «Юксалиш» миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Россия ташқи кучлар колонияси эканлигига ишонувчи, конспирологик назарияларни илгари сурувчи Дума депутатининг сўзларини» жиддий қабул қилмасликка чақирган.

Қонунчилик палатаси вице-спикери, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров «Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади шекилли. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз», дея хулоса қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ