АҚШдан 25 нафар инглиз тили ўқитувчиси Ўзбекистонга келди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

АҚШдан Ўзбекистонга 25 нафар инглиз тили ўқитувчиси келди. Улар ўрта мактаб ўқувчилари ва талабалар билан ҳамкорликда дунёнинг энг машҳур тилини ўзлаштириш даражасини ошириш билан шуғулланадилар.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, ташриф буюрган ўқитувчилар Калифорниядан Флоридагача бўлган турли штатлар вакилларидир. Улар Ўзбекистоннинг 11 вилоятига бориб, у ерда 10 ойлик ўқитиш ва малака ошириш дастурларини амалга оширадилар. Ўқитувчилар, шунингдек Қўшма Штатларнинг маданият элчилари сифатида хизмат қилишади.

Гуруҳга қуйидагилар киради:

👉 8 та инглиз тили стипендиати (EL Fellows) — ўқитиш соҳасидаги тажрибали мутахассислар (TESOL). Улар TESOL ёки тегишли соҳада магистр даражасига ва ўртача ўн йиллик педагогик тажрибага эга. Стипендиатлар Ўзбекистон университетларида инглиз тилини ўқитиш имкониятларини яхшилаш устида иш олиб борадилар;

👉 17 нафар инглиз тили ўқитувчилари ёрдамчилари — янги иш бошловчилар. Улар маҳаллий ўқитувчилар билан бирга 10-11 синф ўқувчилари ва университет талабаларига тил ўргатадилар.

Бундан ташқари, 15 нафар ўқитувчи АҚШ Давлат департаментининг Фулбрайт инглиз тили стипендияси (ЕТА) ва яна икки нафари ЕТА битирувчилари.

ℹ️ 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда АҚШ элчихонаси, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан Америка Қўшма Штатлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда инглиз тилини ўқитиш дастурлари ишга туширилди.

«Бу дастурлар АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишни кучайтиришга қаратилган улкан мажбуриятларининг фақат бир қисми ҳисобланади. Президент Мирзиёевнинг инглиз тилини ўрганиш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш борасидаги ислоҳотларига мувофиқ, 2018-йилдан бери АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишга 28 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди» — дейилади элчихона хабарида.

Ажратилган маблағлар мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактаб учун сифатли инглиз тили дарсликлари харид қилиш ва умумтаълим мактабларида 15 минг инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини оширишга йўналтирилди, дея қўшимча қилади дипломатик миссия.

ℹ️ Ўтган ёзда English—Speaking Nation: English Summer Excellence Training (ESN: ESET) дастури доирасида АҚШдан Ўзбекистонга 40 нафар инглиз тилини ўргатувчи мутахассис келган. Улар 19-июндан 8-июлгача Ўзбекистон умумтаълим мактабларида 520 нафар инглиз тили ўқитувчилари учун 120 соатлик инглиз тилини ўқитиш дастурини ўтказдилар. Дастурнинг мақсади ўзбек ўқитувчиларига инглиз тилида мулоқот қилиш, ёзиш, тинглаш ва ўқитиш кўникмаларини оширишга ёрдам беришдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ