Ўзбекистонда ички йўллар фақат аҳоли талабига биноан давлат маблағлари ҳисобидан қурилади ва таъмирланади

Самарқанддаги кўча аҳволи. rtoshpulat.blogspot.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда ички кўчаларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат «Менинг йўлим» дастури доирасида ажратилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни йўл тизимини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.

«Энди қаерда ички йўл қуриш, қайсини таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади. Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади», — деди давлат раҳбари.

ℹ️ Open Budget порталидаги лойиҳа доирасида «Менинг йўлим» дастури амалга оширилмоқда, унда Ўзбекистоннинг катта ёшли фуқаролари турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини қолдиришлари мумкин. Ҳар бир иштирокчи ички йўлларни таъмирлаш бўйича фақат битта ташаббусни илгари суриши ва ўзининг таклифидан ташқари фақат битта таклифга овоз бериши мумкин. Овоз бериш йўли билан якунда молиялаштириладиган лойиҳалар аниқланади.

2022 йили «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасидаги таклифлар бўйича ишларни молиялаштириш учун туман ёки шаҳар ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратиладиган маблағнинг камида 50 фоизини ажратиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Апрель ойида таъкидланганидек, жорий йилда «Менинг йўлим» дастури доирасида йўлларни таъмирлаш учун мутасадди ташкилотлар томонидан 312 миллиард сўм (26 миллион доллар) ажратилган. Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг 12 сентябрдаги баёнотида аниқлик киритилишича, 470 та маҳалладаги ички йўллар учун 410 миллиард сўм (34 миллион доллар) ажратилган.

Сўнгги олти йилда Ўзбекистонда қурилиш ва таъмирлаш ишларига ажратилган маблағлар уч баравар ошган. 65 минг километр йўл қурилган ва таъмирланган.

«Натижада 3 миллион 600 минг аҳолининг мушкули осон бўлди. Умуман, 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилди, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Мирзиёев сўзларига кўра, 2024 йили «Менинг йўлим» дастурига камида 800 миллиард сўм (66 миллион доллардан ортиқ) йўналтирилади.

Йиғилишда Президент йўл соҳасида бир қатор тизимли муаммоларни қайд этди:

👉 қурилаётган йўлларнинг сифатсизлиги. Янги йўллар кўп ўтмай яроқсиз аҳволга келаётгани учун яна таъмирланмоқда;

👉 Йўлларни лойиҳалаш меъёрлари эскирган. Уларнинг катта-кичиклиги ёки ҳудудларнинг иқлим шароитига қарамай, бир хил андоза қўлланмоқда;

👉 йўл назоратининг сустлиги;

👉 Йўл қурилишида замонавий техникаларни бошқара оладиган малакали кадрлар етишмайди.

👉 Йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани маълум эмас. Йўлларда унинг юк кўтариш имкониятидан оғир бўлган транспортлар ҳам ҳаракатланмоқда.

«Сифатли йўл одамларнинг кайфияти ва иқтисодиётимиз «артерияси» ҳисобланади. Шу боис йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент туманларда йўл ва кўприклар қуриш ва таъмирлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиш, йўл корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва моддий-техник базасини яхшилаш юзасидан топшириқлар берди.

ℹ️ 2021 йил октабрь ойида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев маълум қилганидек, Ўзбекистонда қарийб 64 минг километр автомобиль йўллари таъмирга муҳтож, жумладан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 5,1 минг километр, қолган 60 минг километри ички йўллардир. Абдувалиев яқин уч йилда Ўзбекистонда умумий узунлиги 29 минг км бўлган тупроқ йўллари қолмаслиги, 26 йилгача қолган йўллар тўлиқ таъмирланишини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ