АГМК илк бор ўз футболчисини хориж клубига тўғридан-тўғри трансфер қилди

Абдулла Абдуллаев. stadion.uz сайти фотосурати

Олмалиқнинг АГМК футбол клуби тарихда илк бор ўз футболчисини тўғридан-тўғри хориж жамоасига ўтказиб, 200 минг евро ишлаб олди.

АГМК ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 26 ёшли ярим ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев фаолиятини БААнинг «Хор-Факкан» клубида давом эттиради. Араб клуби раҳбарияти футболчи учун АГМКга 200 минг евро тўлаган, футболчининг нархи 600 минг евро. Кичик трансфер суммаси жаҳон футболида кам учрайдиган ҳолат эмас ва футболчининг шартномаси яқинда тугаши билан изоҳланади. Декабрь ойида Абдуллаев жамоани текинга тарк этиши мумкин эди.

Шу тариқа, АГМК ҳам Ўзбекистоннинг бир қатор етакчи клублари сингари мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019-йилдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг илк бандларидан бирини амалга оширишга киришди. Бу эса футболчиларни футболи ривожланган мамлакатларнинг етакчи клубларига экспорт қилиш «тизимин»” йўлга қўйишни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, АГМК жорий мавсумда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этади. «Фарғона» маълумотига кўра, асосий футболчисини йўқотиб, таркибни кучсизлантириб қўймаслик учун клуб ўтган мавсум Қатарнинг «Ал-Хор» клубида тўп сурган андижонлик Бахтиёр Қосимовни зудлик билан эркин агент сифатида олди.

АГМК (ОКМК) — Олмалиқ шаҳрининг футбол клуби бўлиб, Ўзбекистон Суперлигасида ўйнайди. 2004 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистон чемпионатининг энг ёш клубларидан бири ҳисобланади. Жамоа таркибида миллий чемпионат, ПФЛ кубоги ва Ўзбекистон кубогида иккита бронза медали бор. АГМКга Миржалол Қосимов мураббийлик қилади, клуб бош директори Баҳодир Мирзаев.

Абдулла Абдуллаев «Бунёдкор»да тарбия олган. 2022 йил бошида АГМКга ўтган. У жамоа сафида барча турнирларда 56 та ўйин ўтказиб, иккита гол урган. Футболчи терма жамоа сафида 12 та ўйинда майдонга тушган.

«Хор-Факкан» — БАА чемпионатининг ўрта клуби. Ўтган мавсумда жамоа чемпионатда ўнинчи ўринни эгаллаган. Жорий мавсумда улар иккита ўйинда биттадан ғалаба қозонишган. «Хор-Факкан» Абдуллаевдан ташқари шу ёзда яна бир қанча хорижлик футболчилар билан шартнома имзолаган, улар орасида ЖАР терма жамоаси ҳимоячиси Тулани Сереро ва Тунис терма жамоаси ярим ҳимоячиси Саиф-Эддин Хауи ҳамда бир қанча бразилиялик футболчилар бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ