Ўзбекистонда корхоналар учун газ ва электр энергияси тарифларини икки баравар ошириш режалаштирилмоқда

e-cis.info сайти фотосурати

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 2023 йил 1 октабрдан ташкилотлар ва йирик саноат корхоналари учун электр энергияси ва табиий газ тарифларини оширишни таклиф қилди. Ҳукумат қарори лойиҳаси 23 сентябргача жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.

Ҳужжат ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади. Энергетика вазирлиги ташаббусига кўра, юридик шахс истеъмолчилари икки гуруҳга бўлинади. Биринчисига Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Ўзбекистон металлургия комбинати, ушбу гигантларнинг таркибий корхоналари, шунингдек бюджет ташкилотлари ва насос станциялари киради. Улар учун октабрь ойидан бошлаб электр энергияси тарифи 2,2 бараварга – 1 кВт/соат учун 450 (0,037 доллар) дан 1000 сўмга (0,082 АҚШ доллари) ошади. Ушбу тоифадаги табиий газ нархини 2,7 бараварга – куб метри учун 660 сўмдан (0,054 доллар) 1800 сўмга (0,15 доллар) ошириш режалаштирилган.

Иккинчи гуруҳга бошқа барча компаниялар киради. Уларга электр энергияси тарифи икки бараварга — 1 киловатт-соат энергия учун 450 (0,037 АҚШ доллари)дан 900 сўмга (0,074 АҚШ доллари) ошиши кутилмоқда. Компаниялар учун газ нархи 2,3 бараварга кўтарилади — бир кубометри учун 660 сўмдан (0,054 доллар) 1500 сўмга (0,12 доллар).

Шу билан бирга, аҳоли учун коммунал хизматлар нархлари ўзгаришсиз қолади: 1 кВт/соат учун 295 сўм (0,024 доллар) ва табиий газнинг кубометри учун 380 сўм (0,031 АҚШ доллари). Фуқаролар учун суюлтирилган газ тарифи ҳам 1120 сўм (0,092 доллар) даражасида қолади. Ҳукумат маълум шароитларда, масалан квартирада ҳисоблагичлар ўрнатилмаган бўлса, ресурсларнинг нархини ўзгартирмайди.

Бироқ, 11 сентябрь куни журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов

аҳоли учун тарифлар 2024 йил 1 майдан бошлаб ҳам оширилишини айтган.

Бу газ ва электр нархига таалуқли бўлади. Бундан ташқари, ушбу санадан бошлаб ресурсларни белгиланган «ижтимоий меъёр» дан кўпроқ истеъмол қиладиганлар учун харажатларнинг кескин ошишини назарда тутувчи табақалаштирилган тариф жорий этилиши мумкин.

«Уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади. Ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 kW•соатдан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. 75 фоиз аҳолининг истеъмоли эса 200 kW•соатдан ошмайди», — дейди Энергетика вазири.

Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, янги тартиб расмийлар Ўзбекистон фуқаролари хонадонларига узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминласагина амал қилади.

«Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз», — деди вазир.

Вазирнинг аниқлик киритишича, келаси йил баҳорида аҳоли учун электр энергияси нархи бир киловатт-соат учун 295 (0,024 доллар) дан 450-500 сўмга (0,040 доллар) ошиши мумкин. «Ижтимоий меъёр» нинг ҳажми кейинроқ белгиланади.

Мирзамаҳмудов ресурсларга тарифларни либераллаштириш ҳақида гапирар экан, энергия ҳозирда бозор нархларида сотиб олинаётгани, лекин ички истеъмолчиларга анча арзонроқ сотилаётганини таъкидлайди. Давлат бюджетидан ҳар йили соҳа эҳтиёжлари учун 3,4 миллиард доллар миқдорида субсидиялар ажратилади, бироқ улар самарасиз. Шу боис мутасаддилар тизимни бозорга мос равишда ўзгартиришга, хусусан, йирик саноат корхоналари, бошқа компаниялар ва жисмоний шахслар учун алоҳида тарифлар белгилашга қарор қилди.

ℹ️ Ўзбекистонда газ ва электр энергияси охирги марта 2019 йил август ойида ошган эди. Шу билан бирга, расмийлар 2022 йил июль ойи ўрталаридан, жорий йилнинг 1 апрелидан ҳам компаниялар учун тарифлар оширилишини эълон қилганди, бироқ бу амалга ошмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ