Михаил Боярскийнинг рафиқаси ва қизи Халқаро Тошкент кинофестивалида иштирок этади

Боярскийлар оиласи. 7days.ru сайти фотосурати

Россия халқ артисти Лариса Луппиан ва Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Елизавета Боярская «Ипак йўли дурдонаси» XV халқаро Тошкент кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Актрисалар қизил гиламдан ўтиб, расмий тадбирлар меҳмони бўлишлари билан бирга, маҳорат дарслари ҳам ўтказиши кутилмоқда. Уларга кириш бепул бўлади.

Елизавета Боярская — Лариса Луппиан ва Россия халқ артисти Михаил Боярскийнинг қизи. Актёрнинг ўзи бу йил Тошкент кинофестивалида иштирок этадими-йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.

Лариса Луппиан асли тошкентлик. У театр ва кинода ўнлаб ролларни, жумладан Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильмида асраб олинган қиз Дзидра ролини ижро этган. Ҳозирда у Санкт-Петербургдаги Ленсовет театрининг бадиий раҳбари.

Елизавета Боярская — машҳур театр ва кино актрисаси. «Олтин ниқоб» ва «Олтин бургут» мукофотлари совриндори. Энг кўзга кўринган образлари орасида «Буюк» сериалидаги Екатерина II ва «Анна Каренина. Вронский ҳикояси» сериалидаги Анна Каренина роллари бор.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ