Дунёга машҳур серб кинорежиссёри, продюсери ва мусиқачиси Эмир Кустурица «Ипак йўли дурдонаси» ХV Халқаро Тошкент кинофестивалига ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Машҳур режиссёрнинг нафақат меҳмон сифатида Тошкент халқаро кинофестивалининг қизил гиламидан ўтиши, балки кинофестивалнинг ёпилиш маросимида концерт бериши ҳам режалаштирилган.
Эҳтимол, Тошкентдаги ушбу концерт Кустурицанинг яқин келажакдаги мусиқий карьерасидаги сўнггиси чиқиши бўлар, чунки режиссёр янги фильм устида ишлашни режалаштирган.
XIX Қозон мусулмон кинофестивалида Кустурицага Халқаро Тошкент кинофестивалига таклифнома топширилган, у мазкур анжуманда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган ва 2016 йили суратга олган «Сомон йўли бўйлаб» фильмини тақдим этган.
Эслатиб ўтамиз, Кустурица ўтган йилги Тошкент кинофестивалида иштирок этиши режалаштирилганди, бироқ у Ўзбекистонга кела олмади.
Эмир Кустурица — кўплаб кино мукофотлари, жумладан, «Олтин пальма бутоғи», «Олтин шер», «Кумуш айиқ» ва «Сезар» мукофотлари совриндори. Унинг машҳур асарлари қаторига «Дадам хизмат сафарида», «Аризона орзуси», «Қора мушук, оқ мушук», «Ҳаёт – мўъжиза» ва «Марадона» фильмлари киради.
ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.
2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.