Минскда бўлиб ўтган аёллар бизнес-форумида Ўзбекистон 8 миллион долларга 500 га яқин трактор харид қилди

трактор.бел сайти фотосурати

Минск шаҳрида ўтказилган биринчи Беларусь-Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми доирасида Марказий Осиё республикаси тадбиркорлари 500 га яқин BELARUS русумли тракторларни импорт қилиш бўйича шартнома туздилар. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи МТЗ ўз сайтида маълум қилди.

Тегишли келишув 6 сентябрь куни Минск трактор заводи ва Ўзбекистоннинг TEXAGRO-KLASTER компанияси раҳбарлари томонидан имзоланган.

Битим суммаси 8 миллион доллардан ортиқ миқдорни ташкил этган.

«Беларусь-Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми каби кенг кўламли тадбир доирасида BELARUS тракторларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани биз учун айниқса муҳим. Ишончим комилки, форум Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга янги суръат бағишлайди», — деди МТЗ бош директори Виталий Вовк.

6-7 сентябрь кунлари Минскда аёллар бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки давлат сиёсатчилари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига республика Олий Мажлиси Сенати спикери Танзила Нарбоева бошчилик қилди.

Форум доирасида Беларусь Миллий кутубхонаси ҳудудида мезбон томон ва меҳмонлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва тақдимоти ташкил этилди. Белоруссиядан 72, Ўзбекистондан 26 корхона ўз маҳсулотларини жамоатчиликка тақдим этди. Кўча ҳудудига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг юк машиналари ва қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан МТЗ ва МАЗ каби гигантлар маҳсулотлари жойлаштирилди. Ичкарида кўргазма олтита бўлимга бўлинган:

👉 Гўзаллик ва бизнес (енгил саноат);

👉 тадбиркор аёллар;

👉 Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш;

👉 Туризм ва дам олиш;

👉 Таълим ва фан;

👉 Беларусь таъми (маҳаллий озиқ-овқат саноати).

Беларусь Миллий Ассамблеяси (парламент юқори палатаси) Республика кенгаши раиси Наталья Кочанова давлатлар ўртасидаги муштаракликни қайд этди.

«Узоқ масофага қарамай, дўстона Беларусь-Ўзбекистон муносабатлари халқларимиз тақдири чамбарчас боғлиқлиги билан олдиндан белгилаб қўйилган. Беларусь Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкори деб билади ва ҳамкорликни барча соҳаларда кенгайтиришга интилади», — деди сиёсатчи.

Унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Танзила Нарбоева, ўз навбатида Минскдаги форумга Марказий Осиё республикасидан 100 га яқин ишбилармон аёллар келганини таъкидлади. У келгусида ҳам шундай тадбирлар ташкил этишига умид билдирди.

«Биз, икки давлат парламентарийлари учун икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бундай тажриба дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун ҳамкорлик намунаси бўлади», — дея хулоса қилди Нарбоева.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси матбуот хизматининг қўшимча қилишича,

Беларусда ўтказилган аёллар бизнес-форуми якунларига кўра, икки давлат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 92 миллион долларлик 42 шартнома ва 17 меморандум имзоланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ