Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси россиялик тенгдошлари билан Бухорода бўлиб ўтадиган иккита ўртоқлик учрашуви учун Европадаги турнирдан воз кечди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси устози Фарҳод Нишонов маълум қилди, деб хабар беради «Матч ТВ».
«Федерация менга бу ўйинлар ҳақида гапириб берди, мен дарҳол рози бўлдим. Бизда бошқа вариант ҳам бор эди – Словакияда бўлиб ўтадиган халқаро турнир, лекин биз Россияни танлаб, уни рад этдик... Россия қизиқарли ва кучли рақиб, уларга қарши ўйнаш биз учун фойдали. Жамоангиз келгани учун раҳмат», — дейди Нишонов.
Ўзбекистон ва Россия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар 8 ва 11 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Нишонов «Матч ТВ» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Россия Осиё футбол конфедерациясига (ОФК) қўшилса хурсанд бўлишини айтди.
«Биз жуда хурсанд бўлардик. Ҳа, бу жаҳон чемпионатига чиқиш учун қўшимча рақиб, аммо жамоа жуда кучли. Биз эса яна бир шундай рақиб ёнида ўз савиямизни оширишимиз мумкин», — деди мураббий.
ФИФА ва УEФА Россия Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаганидан кейин киритган санкцияларга кўра, Россиянинг барча клублари ва терма жамоалари, шу жумладан аёллар ва ёшлар терма жамоалари барча расмий мусобақаларда иштирок этишдан четлатилади. Дунё бўйлаб баъзи футбол жамоалари ўртоқлик ўйинлари ҳали санкцияларга дучор бўлмаса-да, русларга қарши майдонга тушишни принципиал жиҳатдан рад этишмоқда. Руслар билан ўйнашга рози бўлган давлатлар жуда кам — асосан Беларусь ва Марказий Осиё республикалари. Яқинда Миср билан, олдинроқ эса Сербия билан ўйин бўлиб ўтди.