Қирғизистон Маданият вазирлиги Kloop («Клооп») таҳририятини агар нотўғри маълумотни ўз ичига олган материални олиб ташламаса, нашр сайти блоклаб қўйилиши ҳақида огоҳлантирди.
Гап «Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1-СИЗОда қийноққа солинаётганини айтди» рукни остидаги материал ҳақида кетмоқда. Маданият вазирлигига кўра, унда ёлғон маълумотлар бор ва фейк тўғрисидаги қонун асосида янгилик нашрнинг веб-ресурсидан олиб ташланиши керак.
«Kloop.kg сайтидаги ноаниқ маълумотларни ўчириш тўғрисидаги ушбу қарор белгиланган муддатда сайт эгаси томонидан бажарилмаган тақдирда вазирлик Kloop.kg веб-сайти фаолиятини икки ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади», — дея нашр вазирлик хатидан иқтибос келтиради.
Хатда айтилишича, Маданият вазирлиги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёноти асосида талаб қилган. Таҳририят ҳужжатни 7 сентябрь куни кечқурун қабул қилган ва «нотўғри маълумот» икки иш куни ичида олиб ташланиши керак.
Kloop таъкидлаганидек,
вазирлик хатида айнан қайси маълумотлар сохта экани ҳақида ҳеч қандай изоҳ йўқ.
Жеенбеков ҳақидаги хабарга келсак, у нашр сайтида 1 сентябрь куни чоп этилган. Мухолифатчи сиёсатчининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида Бишкекдаги 1-СИЗОдаги қийноқларга доир шикоят қилган пости маълумот манбаи бўлган. Маҳбус ўзининг бинонинг ертўласида жойлашган «нам ва совуқ камера»га ўтказилишини шундай баҳолаган.
Худди шу материалда Жазони ижро этиш хизмати вакилларининг барча маҳкумлар «қонун доирасида ҳибсда сақланаётгани» ҳақидаги фикри келтирилади.
Kloopнинг қўшимча қилишича, 6 сентябрь куни ҳуқуқ фаоллари Жеенбековни тергов изоляторига бориб кўришган. Улар «камерада гигиена ва санитария талабларига жавоб берадиган шароит йўқлиги, юқори намлик туфайли девор ва шифт уқаланиб тушаётгани, полда бетонда ёриқлар борлигини» тасдиқлашган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, одамларни қамоқда сақлашнинг ноадекват шароитлари «шафқатсиз, ноинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатнинг яққол далилидир».
Бу қирғиз расмийларининг Kloopга қилган биринчи ҳужуми эмас. Август ойи охирида Бишкек прокуратураси нашрни бошқараётган Kloop Media жамоат фондини тугатиш тўғрисида судга даъво киритгани маълум бўлди. Бунга «низом доирасидан ташқарига чиқадиган тадбирларнинг амалга оширилиши», шунингдек, ОАВдаги «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган» материаллар сабаб бўлган.