Туркистон вилоятида беш яшар қизнинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Видеодан скриншот

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ихтисослаштирилган туманлараро суди судяси Сариоғаш туманида 5 ёшли қизчани ўлдириб, зўрлаганликда айбланаётган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди, деб хабар беради Otyrar.kz.

Судланувчи 48 ёшли рецидивист. У умрбод қамоқ жазосига ва кимёвий кастрацияга ҳукм қилинган. У жазони фавқулодда қўриқлаш муассасасида ўтайди.

Телеканал мухбирининг хабар беришича, суд ҳукми судланувчи сақланаётган Чимкентдаги тергов изоляторида ўқиб эшиттирилган. Бундай қарор жараён иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

«Азаттиқ» (Россияда хориж агенти сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати) хабарига кўра, суд, шунингдек судланувчига жабрланувчи томон учун 100 миллион тенге (217 минг доллар) миқдорида маънавий товон тўлаш мажбуриятини юклаган.

Қўриқчилар маҳбусни суд залидан олиб чиқишаётганда, ўлдирилган қизнинг онаси унга ҳужум қилмоқчи бўлган, кейин эса унинг орқасидан стакан отган.

Туркистон вилоятининг Сариоғаш туманида бир қизалоқнинг ўлдирилиши жорий йилнинг июль ойида содир бўлган эди. Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи маст ҳолатда уйига қайтаётганида йўлда ўйнаётган қизни кўриб қолган. Уни уйига алдаб уйига олиб боради, қизалоқни зўрлайди ва жиноят изларини яшириш мақсадида ошхона пичоғи билан бир неча марта болага зарба беради. Қизалоқ олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган. Унинг жасади эркакнинг молхонасидан топилган.

Жиноят кенг резонансга сабаб бўлди. Маҳаллий аҳоли гумонланувчини жазоламоқчи бўлади, бироқ полиция уни ўз вақтида қишлоқдан олиб кетишга муваффақ бўлган. Воқеа мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг эътиборидан четда қолмаган ва у Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига воқеа ҳолатларини синчиклаб ўрганишни топширади.

Маълум бўлишича, қизни ўлдиришда гумонланган шахс 2006 йили қотилликда айбланиб судланган ва 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2023 йил май ойида у спиртли ичимлик ичиб, қишлоқдошини болта билан ургани учун судланган. Суд айбдорнинг жабрланувчи билан ярашиб олгани, аввалги жазо ўталганини инобатга олиб, унга пробацион назорат ўрнатган ҳолда уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ