Қирғизистон Таълим ва фан вазири Қанибек Иманалиев «меҳнат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун» деган сўз билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров 7 сентябрь куни қарор имзолади.
Бугунгача вазирлик раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Уланбек Усеков таълим вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Иманалиев 2023 йил 6 мартида вазир лавозимини эгаллаган. Истеъфога чиқишидан олдин мактабларнинг янги ўқув йилига тайёр эмаслиги учун Таълим вазирлиги фаолияти танқид қилинган эди. Хусусан, Kaktus.media хабарига кўра, 6 сентябрь куни Иманалиев билан бўлиб ўтган учрашувда Бишкекдаги мактаб директорлари ўқитувчилар етишмаётганидан шикоят қилишган.
«Рус тили, физика, кимё, инглиз тили, дин тарихи фанларидан ўқитувчилар йўқ. Қанибек Капашович, бу домлалар ҳақиқатан ҳам кам. Ҳамма хусусий мактабларга ўтиб кетяпти, чунки у ерда энг кам ойлик 60 минг сўм дейишади», — дейди директорлардан бири. Унинг қўшимча қилишича, мактаб раҳбарлари университетларга бориб, талабаларни ишга таклиф қилиш билан овора.
Директорлар вазирга ўқитувчиларнинг қўшимча юк билан ишлаши учун смена соатларини оширишни таклиф қилишган. Бунга жавобан Иманалиев кадрлар масаласи вазир ҳал қиладиган муаммо эмаслигини айтган.
«Ўқитувчилар етишмаслигига келсак, мен учта рақамни келтираман. 2020 йили 3600 нафар, жорий йилда эса 698 нафар ўқитувчи етишмаган, сентябрь ойи ҳолатига кўра, атиги 350 нафари етишмайди, бу масала туман таълим бўлимлари раҳбарларига тегишли. Менда 90 минг ўқитувчи, 2359 нафар мактаб директори бор. Мактаб директорлари, ҳоким, мэр, шаҳар ҳокимлиги, муниципалитет шароит яратиши керак. <…> Бошқа мактаблар муаммони қандайдир тарзда ҳал қилишяптику. Сизлар ҳам муаммони ҳал қилишингиз керак. Бу вазир ҳал қиладиган вазифа эмас. Биз барчангиз учун тенг шароит яратамиз. Сизда менежерлар, ҳокимлар бор. БДУ, КРСУ ректорларига боринг. Аспирантлар бор, уларга шарт-шароитни тушунтиринг», — деган вазир.
Унинг нутқидан сўнг йиғилиш иштирокчилари «вазир Бишкек мактаблари қандай яшаётганини билмайди» деган хулосага келишган.
Таълим вазирлиги мактабларда дарсликлар етишмаслиги учун ҳам танқид қилинади. Жогорку Кенеш (парламент)нинг 7 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Миргул Темиралиева вазирлик ушбу муаммо билан янги ўқув йили бошланиши билан эмас, балки ўтган ўқув йили охирида шуғулланиши кераклигини айтган. Камила Талиева мактаб стандартлари ҳозиргидек ҳар йили эмас, ҳар беш йилда бир марта ўзгартирилиши кераклигини эслатган.
«Шунинг учун мактабларда [дарслик] йўқ, бозорларда жавонларга тўла. Бу бизнес, китоб мафияси! Ота-оналарнинг ўзи китоб излаб бозорларни кезиб юришга мажбур бўлаётган бир пайтда биз қуруқ сиёсатдан узоқлашишимиз керак», — дейди депутат.
Депутат Мирлан Самийхўжа ўз ҳамкасбларига иш ҳақининг бир қисмини дарслик чоп этилишига ажратишни таклиф қилган.
«Бу келажагимизга раҳна солаётган катта муаммо. Китоблар учун 5 миллиард сўм (56 миллион доллардан ортиқ) керак. Келинг, бизлар бошлаб берайлик, ўз маошимиздан маблағ ажратайлик, давлат органлари ва муассасалар буни давом этишади», — деган Самийхўжа.