Олмаотадаги бинолардан бирида ўтказилиши керак бўлган «Жаңа Шекара» («Янги чегара») кинофестивалининг ташкилотчилари форумни онлайн форматга ўтказишди. Бунга Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг босими сабаб бўлган.
«Биз бу МХҚ (миллий хавфсизлик қўмитаси – «Фарғона» изоҳи) деб ҳисоблаймиз. Улар босим ўтказишиб, бизни фестивални ўтказишдан бош тортишга мажбур қилишди», — дея тушунтирди ташкилотчилар ўз постидаги изоҳда.
«Азаттиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қозоқ хизмати) билан суҳбатда фестиваль ҳаммуаллифи Равкат Мухторов 8-10 сентябрь кунлари фестивал бўлиб ўтиши керак бўлган жой тадбирдан тўрт кун олдин ҳамкорлик қилиш бўйича рад жавобини берганини айтди. Кинофорум веб-сайтида уни «НЕсанаторий» ижодий майдонида ўтказиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган.
Майдон эгаси «Азаттиқ»га кинофестиваль бекор қилинганини тасдиқлади, бироқ сабабларни айтмади ва улар «махфий» эканини таъкидлаган.
Фестивални онлайн ўтказиш тўғрисидаги қарор ташкилотчиларнинг Қозоғистонда «МХҚнинг норасмий талабларини рад эта оладиган мустақил ва дадил платформани топишнинг иложи йўқ»лигидан келиб чиққан.
«Ишончимиз комилки, фестивалимиз жамиятимизга керак ва у ўтказилиши лозим. <...> Дастлаб бу мавзуда омма олдида гапира олмайдиганларнинг овозига айланиш биз учун жуда муҳим эди ва амалиёт шуни кўрсатдики, Шарқий Туркистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши мавзуси дунёнинг кўплаб авторитар мамлакатларида цензурадан ўтказилади ва, афсуски, Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас», — деди «Жаңа Шекара» ташкилотчилари.
ℹ️ «Жаңа Шекара» фестивали илк бор 2022 йили Олмаотада офлайн форматда бўлиб ўтган. Намойишларда 80 га яқин томошабин қатнашган. Кинофорумда қозоғистонлик ва хорижлик муаллифларнинг Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги (ШУАР) уйғур ва қозоқларнинг ҳаёти ва маданияти, шунингдек қатағон ва «қайта тарбиялаш лагерлари» ҳақидаги ҳужжатли фильмлари иштирок этмоқда.