2023 йил 6 декабрдан бошлаб ўзбекистонликлар учун божхона декларациясини тўлдирмасдан 100 миллион сўм (8200 доллар) эквивалентигача бўлган валютани мамлакатга олиб кириш ёки чет элга олиб чиқиш нормаси кучга киради. Бу ҳақда республика ҳукуматининг 4 сентябрдаги тегишли қарорида айтилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.
Айни пайтда ўзбекистонликлар 70 миллион сўмдан (5760 доллар) ортиқ бўлмаган нақд валютани божхонада қўшимча ҳужжатлар тўлдирмасдан олиб кириш ва олиб чиқиш ҳуқуқига эга.
Шундай қилиб, ҳукумат декларация қилинмайдиган маблағлар чегарасини оширди.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шакллари қўлланилмасдан олдин декларацияламаган ҳолда божхона органлари ходимларига маслаҳат олиш мақсадида тақдим этганда, божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний шахсларга декларация тўлдириш қоидалари билан боғлиқ умумий тушунтиришлар берилади. Илгари бу қоида мавжуд эмас эди.
Вазирлик, шунингдек Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори расмий манбаларда эълон қилинганидан кейин уч ой ўтиб кучга киришини таъкидлайди. Шунга кўра, жорий йилнинг 6 декабридан бошлаб нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқишнинг янги қоидалари ва лимитлари амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари 70 миллион сўм эквивалентидаги нақд пулни божхонада қўшимча бюрократиясиз олиб кириш ва олиб чиқишлари мумкин бўлган амалдаги тартиб 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб амал қилади.
Шу билан бирга, декларацияга киритилган ҳолда республикадан олиб чиқиладиган пул лимити 100 миллион сўмга (ўша пайтдаги 10 минг долларга яқин) оширилганига аниқлик киритилди. Ушбу миқдордан ортиқ суммани фуқароларнинг қуйидаги тоифалари олиб ўтиши мумкин:
👉 давлат фармойишига мувофиқ хорижга хизмат сафарига кетаётган ҳукумат делегациялари аъзолари;
👉 хорижликлар — йўловчи декларациялари асосида ва олиб кириладиган сумма доирасида;
👉 халқаро танловлар ғолиблари ва иштирокчилари – маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида.