Тўлов хизматлари ноқонуний равишда трансчегаравий давлатлараро транзит операциялари билан шуғулланган. Бу ҳақда 5 сентябрь куни Ўзбекистон Марказий банки Oson ва PayWay тўлов ташкилотлари томонидан халқаро пул ўтказмалари ва хорижий хизматлар учун тўловлар тўхтатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан, маълум қилди.
«Тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас», — дейилади МБ хабарида.
Марказий банк «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, тўлов ташкилоти тўлов хизматларини кўрсатувчи юридик шахс, бироқ банк ҳисобланмаслигини тушунтиради. Бундай ташкилотлар Ўзбекистон ҳудудида Марказий банк лицензияси асосида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, тўлов хизматлари – тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди, деб таъкидлайди МБ.
Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.
OSON тўлов тизими эгаси Brio Groupга келсак, у Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя қилмагани учун жаримага тортилган.
Биринчидан, Марказий банкнинг тушунтиришича, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин. Бироқ Brio Group хорижий банкда ҳисоб рақами очиб, юқоридаги қонун талабларига зид равишда ушбу банк ҳисобварағи орқали операцияларни амалга оширган.
Иккинчидан, пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишда OSON тизими пул маблағларини олувчи ва/ёки жўнатувчи тўғрисида керакли маълумотларни акс эттирмаган. Хизмат тўлов ташкилотларида жиноятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича Ички назорат қоидаларининг 31¹-банди талабларига риоя қилмаган.
Ушбу параграфда қуйидагилар зарурлиги кўрсатилган:
👉 олувчи ва/ёки жўнатувчи тўғрисида зарур маълумотларни ўз ичига олмаган халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича оқилона ва мумкин бўлган чораларни кўриш;
👉 бундай ўтказмалар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиш;
👉 электрон тўловларга бириктирилган жўнатувчи ва олувчи ҳақидаги барча маълумотларни камида беш йил давомида сақлаш.
Дастлаб, Brio Group регулятор томонидан унга қўйилган жаримага қарши чиқмоқчи бўлди.
«Компаниямиз бозорда қарийб етти йилдан бери фаолият юритади, биз ҳеч қачон кўрсатма ёки изоҳ олмаганмиз, қоидабузарликлар учун жарима тўламадганмиз. Бундан ташқари, регулятор илтимосига биноан биз барча маълумотларни процедураларнинг бир қисми сифатида тақдим этамиз ва шаффоф ишлаймиз. Ҳозирда адвокатлар гуруҳи жарима масаласига ойдинлик киритиш билан шуғулланмоқда», — деди август охирида Brio Group бош директори Фарҳод Маҳмудов (Gazeta.uzдан иқтибос).
5 сентябрь куни компания нашрга МБ томонидан солинга жаримага барча сўровларни қайтариб олишга ва жарима тўлашга қарор қилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўришини маълум қилди.