Қозоғистонда қурол-яроғ, зирҳли техника ва дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаота вилоятида ўтказилган «Батыл тойтарыс-2023» машғулотларида маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
«Охирги мурожаатимда юқори даражада маҳаллийлаштиришга эга ишлаб чиқариш циклини яратишни устувор вазифа қилиб қўйдим.
Зирҳли машиналар, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий ўқ ўқотар қуроллар – буларнинг барчасини мамлакатимизда ишлаб чиқаришимиз мумкин ва бу керак.
Хуллас, ҳарбий-саноат мажмуаси армиямизнинг жанговар қобилияти учун ишончли пойдевор бўлиши керак» – деди давлат раҳбари.
У замонавий гибрид урушлар шароитида қозоқ армияси юқори профессионал, ҳаракатчан ва энг мураккаб жанговар топшириқларни бажаришга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Бугунги кунда жаҳон мудофаа тизимида кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда. Урушнинг замонавий усуллари, айниқса, урушнинг гибрид турлари кенг тарқалмоқда.
Ҳужумлар нафақат ҳарбий, балки ахборот, психологик, сиёсий, иқтисодий ва бошқа кўринишларда бўлиши мумкин.
Шунинг учун Қозоғистон Қуролли Кучлари ҳар қандай чақириқларга тайёр туриши лозим. Бу замонавий профессионал армияга қўйиладиган асосий талабдир», — деди Тўқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистон ҳудудида сўнгги бор 1 сентябрь куни халққа Мурожаатномасида қурол-яроғ ва дронларни ишлаб чиқариш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Сўнгра Тўқаев Ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш махсус жамғармаси орқали маҳаллий корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича топшириқ берди.
Қозоғистонда учувчисиз учоқларнинг ривожланиши 2022 йили Бокуда бўлиб ўтган «ADEX-2022» мудофаа саноати халқаро кўргазмасида «»Казакстан инжиниринг НC» АЖ «Шагала-М» ҳужумкор учувчисиз аппаратни ҳамда фуқаролик ишлари учун мўлжалланган «Лейла» аппаратини ақдим этганида маълум бўлганди. Ўтган ёзда модернизация қилинган «Шагала» («Шагала-М») муваффақиятли синовдан ўтказилган. Маълум қилинишича, дрон жанговар ва бошқа ҳарбий ҳаракатларни объектив назорат қилиш учун қурол ва оптик мосламаларни ўзида олиб юриши мумкин. Унинг фойдали юк умумий массаси 4 кг гача. У электр мосламасига эга. Парвоз вақти тўрт соатгача.
Тўқаев 5 сентябрь куни «Берег» полигонидаги «Батыл тойтарыс – 2023» стратегик қўмондонлик-штаб ҳарбий машғулотларига ташриф буюрди. У кузатув минорасидан маневрларни кузатди. Машғулотларга жами 8000 нафар ҳарбий хизматчи, шунингдек 600 дона қурол-яроғ ва ҳарбий техника жалб этилган.