Тошкент футбол ассоциацияси болалар турнири ёрдамида маҳалла майдонини сақлаб қолмоқчи

Болалар турнири. Gazeta.uz сайти фотосурати

Хизмат кўрсатган мураббий, Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси вице-президенти Азамат Абдураимов «Юнус Ражабий» маҳалла аҳолиси илтимосига кўра қурилиш ишлари олиб борилиши хавфи остида қолган ҳовли майдонида болалар турнирини ташкил қилди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

«Бизга маҳалла болалари учун футбол мактабини ташкил этиш, майдон ҳолатини яхшилаш илтимоси билан ташаббускор гуруҳ мурожаат қилди. Энг муҳими, бу ерда машғулотларга иштиёқманд, кўзлари ёниб турган болалар бор. Шу ерда Tashkent Kids футбол мактабини очмоқчимиз», — дейди Азамат Абдураимов.

Мусобақа бошланишидан аввал Абдураимовнинг шахсан ўзи 22 нафар маҳалла ўғил-қизларини икки ой давомида шуғуллантирди, уларни қўшни туманлардаги тенгдошлари билан ўртоқлик учрашувларига тайёрлади.

Шу тариқа шаҳарликлар ўзлари қурган футбол майдонини қурилиш учун тортиб олинишидан сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳовли майдони жорий йил июнь ойида сотувга қўйилган. Нафақат спорт майдончаси, балки юзга яқин кўп йиллик дарахтлар ҳам йўқ бўлиб кетиш хавфи остида.

Маҳалла аҳолиси ва Абдураимов мазкур ернинг Тошкент футбол ассоциацияси реестрига киритилиши орқали офис биноси қурилиши олдини олишга умид билдиришмоқда.

«Ҳокимлик майдонни маҳалла ёки Футбол ассоциацияси балансига ўтказиб бергани ҳақида кафолат олишимиз биланоқ, кийим алмаштириш хоналарини қайтариш, тунги ёритиш мосламаларини ўрнатиш мумкин бўлади. Машғулотларни молиялаштириш ва майдондаги шароитларни яхшилаш учун ҳомийлар бор. Ўз навбатида, биз ташаббускор одамларни қўллаб-қувватлаймиз, ҳар томонлама ёрдам берамиз», – дейди «Юнус Ражабий» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асал Тошпўлатова.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ