4 сентябрь куни Россиянинг Кемерово вилояти Мариинск шаҳрида Совет даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ўзбек шоири, таржимон ва драматурги Усмон Носир ҳайкали очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
2022 йили Ўзбекистонда Носир таваллудининг 110 йиллиги нишонланди. Ўшанда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев Мариинск лагерларида жазо муддатини ўтаган ва шу ерда дафн этилган шоирга ҳайкали ўрнатиш бўйича Россия расмийлари билан музокаралар олиб бориш бўйича топшириқ берган эди.
Ёдгорлик ҳайкалтарош Константин Зенич томонидан яратилган. Ёдгорликнинг очилиш маросимида Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилев, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчиси Ботиржон Асадов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайид, Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳамедов ва бошқалар иштирок этди.
ℹ️ Усмон Носир 1913 йили Наманганда туғилган, кейинчалик Қўқонда яшаган. Бошланғич мактабда, кейин мактаб-интернатда ўқиган. 1932 йили унинг «Қуёш билан суҳбат» номли биринчи шеърий тўплами, кейинги йили эса бирданига иккита китоби нашр этилди: «Сафарбар сатрлар» ва «Тракторобод». 1935 йили «Юрак» тўплами, бир йилдан сўнг «Меҳрим» китоби нашр этилган. Носир асарлари турли тилларга таржима қилинган.
1937 йил 27 январда Ўзбекистон ССР адабий жамоатчилиги ёш шоир ижодининг 10 йиллигини нишонлайди, орадан олти ой ўтиб Ёзувчилар уюшмасида йиғилиш бўлиб, унда «шоирнинг хулқ-атвори» кўриб чиқилади. Носирни ёзувчилар сафидан чиқариб юборишади, орадан икки кун ўтиб, 13 июлда ҳибсга олишади.
Шоир «халқ душмани» деб топилиб, сургунга жўнатилган. Жазони Златоуст қамоқхонасида, Владивосток ва Магадандаги лагерларда ўтаган. 1943 йили у ҳозирги Кемерово вилояти ҳудудида жойлашган лагерга келиб тушади.
1940 йил 20 августда Носир Магадандан Совет давлати раҳбари Иосиф Сталин номига хат ёзиб, унда ўз ишини қайта кўриб чиқишларини сўрайди. Ариза Сталин ва СССР Ички ишлар халқ комиссари Лаврентий Берия томонидан кўриб чиқилади. Носирнинг ишини қайта кўриб чиқиш буюрилади. 1944 йил охирига келиб комиссия тузилиб, Носирни бегуноҳ деб топади ва реабилитация қилади. Аммо бу вақтга келиб шоир вафот этганди. Усмон Носир 1944 йил 9 мартда оламдан ўтган, 15 мартда дафн этилган.