Машҳур хонанда Шерали Жўраев вафот этди

Шерали Жўураев. stylishbag.ru сайти фотосурати

4 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти, машҳур хонанда ва бастакор Шерали Жўраев вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассаси хабар берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва республика раҳбариятининг бошқа вакиллари санъаткорнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқимиз ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг «олтин фонди»ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди», — дейилади хабарда.

ℹ️ Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрелда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган. 1971 йили Тошкент давлат театр ва рассомлик институтини (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) тамомлаган. Хонандалик фаолиятини 1972 йили «Шодлик» ашула ва рақс ансамбли таркибида бошлаган. Кейинчалик у мингдан ортиқ қўшиқ ёзган, олти юздан ортиғини ўзи ижро этган. 1990-1995 йиллари Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

2000 йиллар ўртасидан бошлаб ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Жўраев ўз муаллифлик қўшиқларида халқ дардини куйлагани учун Ўзбекистон ҳукумати ғазабига учраганди. Унинг қўшиқлари Марказий телевидение, радиода берилмади, концерт ўтказишига рухсат беришмаган. 2018 йили Жўраевни «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлаган Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан вазият ўзгарди.

Шерали Жўраев сўнгги йилларда хориждаги ўзбекистонликлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш билан шуғулланувчи «Ватандошлар» жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ