Самарқанд ИИБ биносининг 3 қавати деразасидан сакраган шахс вафот этган

Самарқанд шаҳар ИИБ биноси. Yandex.ru сайти фотосурати

30 август куни фирибгарликда гумон қилинган Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс шаҳар ИИБ биносининг 3 қавати деразасидан сакраб, вафот этган. Бу ҳақда «Озодлик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг ўзбек хизмати) хабар берди.

Марҳум Темур Зоҳидов 28 ёшда бўлиб, «Куллоллар» маҳалласида яшаган. Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, Зоҳидов деразадан йиқилганда, сўроқ қилаётган терговчи уни ушлаб қолишга уринган. Бироқ, гумонланувчи уни «ўзи билан тортиб кетган».

Терговчи қулаш оқибатида оғир тан жароҳати олган, ҳозирда реанимация бўлимида.

Расмийлар ҳозирча воқеа тафсилотларини ошкор қилишмади.

«Кулоллар» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирининг айтишича, Зоҳидов 30 август куни кечқурун Ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

«30 август куни тушдан кейин уни маҳаллада кўргандим. Йигитнинг дафн маросими 31 куни бўлиб ўтди. Қариндошларининг сўзларига кўра, кечқурун уни шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб кетишган. Аммо йигит ИИБ биносининг учинчи қаватидан сакраб вафот этган. Айтишларича, у терговчини ўзи билан бирга тортиб кетган», — дейди манба.

Унинг қўшимча қилишича, Зоҳидов тўрт фарзанднинг отаси бўлган. У бир йилдан ортиқ қамоқда ўтирган, нима учунлигини маҳаллада яшовчи инсон билмайди.

Самарқанд ИИБ ходими «Озодлик»га милиция ходимлари томонидан Зоҳидовга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган.

«30 август куни терговчилар уни кўрсатма беришга чақиришган. Лекин у нимада гумон қилинганини аниқ билмайман. Айтишларича, идорада икки-уч нафар терговчи бўлган. Бу йигит деразадан сакрашга қарор қилган, бу вақтда терговчилардан бири унинг олдига югуриб келиб, ўхтатишга ҳаракат қилган. Аммо йигит уни судраб кетган. Гумонланувчи боши билан йиқилиб, воқеа жойида вафот этган, терговчи эса оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган», — дейди исми сир қолишини сўраган ИИБ ходими.

ℹ️ Бу Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинганидан кейин ўлим билан якунланган биринчи ҳолат эмас. Шундай қилиб, 30 май куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган 21 ёшли йигит қочишга уриниш пайтида олган тан жароҳатлари туфайли вафот этгани хабар қилинган эди. 3 июнь куни Тошкент вилояти Бўка туманидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ўғирликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс вафот этган. Суд-тиббиёт экспертлари марҳумнинг жасадида тан жароҳатларини аниқлаган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан қийноқ қўллаш бўйича жиноий иш қўзғатилган, ҳодисага алоқадор икки нафар тезкор ходим ҳибсга олинган, бир неча ҳуқуқ-тартибот ходимлари ишдан бўшатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ