Эронлик журналист аёллар Негин Багери (Negin Bagheri) ва Элназ Муҳаммади (Elnaz Mohammadi) «фитна»да қатнашгани учун 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда The Gardian судланган Амир Раисян (Amir Raisian) нинг адвокатига таяниб ёзади.
Журналистлар бир ойга яқин қамоқда ўтиришади, қолган муддат беш йилга кечиктирилади, бу вақт ичида Багери ва Муҳаммади «касбий ахлоқ бўйича тренинг»дан ўтишлари керак бўлади.
Адвокат журналистлар қандай айблов бўйича судланганлиги тафсилотларига аниқлик киритмаган.
Муҳаммади кундалик Ham Mihan нашрида ишлайди. Ўтган йил сентябрь ойидан бери қамоқда ўтирган синглиси Элахе (Elaheh) ҳам айни ОАВда ишлаган. Ўтган йил 16 сентябрь куни полиция бўлимида вафот этган 22 ёшли Маҳса Аминининг дафн маросими ҳақида илк бор хабар берган ҳам айнан Элахе Муҳаммади бўлган. Ижтимоий фаолларга кўра, Амини ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб, ҳибсга олинганидан кейин ахлоқ полицияси томонидан қаттиқ калтакланган. Қизнинг ўлими ўтган йил кузида Эронни қамраб олган ҳукуматга қарши оммавий намойишларга сабаб бўлганди.
Намойишлар пайтида юзлаб одамлар, жумладан ўнлаб хавфсизлик ходимлари ҳалок бўлган, минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинганди. Хавфсизлик кучлари ходимларига нисбатан зўравонликда айбланиб етти киши ўлимга ҳукм қилинган.
Намойишлардан кейин 90 дан ортиқ ОАВ ходимлари сўроқ қилинган ёки ҳибсга олинган.