Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга 2024 йил 1 январдан энг кам иш ҳақини 70 минг тенгедан (152 доллар) 85 минг тенгега (184 доллар) ошириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда республика раҳбари ўзининг халққа йиллик мурожаати доирасида маълум қилди, деб хабар беради унинг расмий сайти.
Президентнинг сўзларига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг ошиши аҳоли даромадларининг ошишига олиб келади – бу чора 1,8 миллион қозоғистонлик, жумладан, 350 минг бюджет соҳаси ходимларининг фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади.
«Шундай қилиб, биз уч йил ичида энг кам иш ҳақини икки баравар оширдик», — дея хулоса қилди Тўқаев.
Давлат раҳбари, шунингдек 2020 йилдан буён ўқитувчиларнинг маоши икки баравар оширилганини таъкидлади. Шу билан бирга, шифокорларнинг маошлари ҳам сезиларли даражада ошган, энди уларнинг даромадлари республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Фуқароларга пенсия жамғармаларининг бир қисмидан фойдаланишга рухсат берилгани туфайли миллионга яқин қозоғистонликлар уй-жой муаммоларини ҳал қилиш имконига эга бўлишди. Тўқаевнинг қўшимча қилишича, янги йилдан бошлаб мамлакатда «Болаларни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси» дастури ишга туширилади, унинг доирасида вояга етмаганларнинг ҳисоб рақамларига маблағлар туша бошлайди.
Inbusiness.kz хабарига кўра, Қозоғистон президенти 2022 йил 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатида асосий иқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақини белгилаш методологиясини жорий этиш бўйича топшириқ берган.
ℹ️ Мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори энг кам ижтимоий стандартларга тегишли бўлиб, ҳар йили «Республика бюджети тўғрисида»ги қонун билан белгиланади. Энг кам иш ҳақига нафақалар, компенсациялар, мукофотлар ва бошқалар кирмайди.
2008 йилдан 2018 йилгача энг кам иш ҳақи яшаш минимуми миқдорида белгиланган ва ҳар йили инфляция даражасига қараб индексация қилиниб турилган. 2019 йили расмийлар ушбу ижтимоий стандартни 1,5 бараварга ошириб, 42,5 минг тенгега етказди. Кейин бу кўрсаткич 60 минг тенгега, ўтган йил бошидан эса 70 мингга етди. Бундан ташқари, энг кам иш ҳақининг навбатдаги ўзгариши фақат 2025 йили содир бўлиши кутилган эди.