«Астана» УEФА конференция лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди, «Тобол» эса йўқ

"Астана" футболчилари. zhasalash.kz сайти фотосурати

Конференциялар лигасининг сўнгги саралаш босқичи жавоб ўйинлари натижаларига кўра, «Астана» турнирнинг гуруҳ босқичига йўл олди, қўстанайлик «Тобол» эса еврокубоклардаги иштирокини якунлади.

«Тобол» ўз майдонида Чехиянинг «Виктория» (Пьлзен) жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, қайтиш сафарига ҳозирлик кўраётганди. Мезбон давлат ҳам вазиятни мураккаблаштирди – мамлакатга киритилиши исталмаган «Тобол»нинг россиялик ва беларуслик легионерларига фақатгина маҳаллий ҳокимият ёрдами билан визалар расмийлаштирилди. Чехияда кечган учрашув Қўстанай клубининг 0:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. Учрашувнинг 32-дақиқасида Томас Ҳорий ҳисобни очди. 59-дақиқада Рафиу Дуросинми иккинчи тўпни Иван Коновалов дарвозасига йўллади. Учинчи гол қўшимча вақтда киритилди: Иброҳим Траоре гол урди.

«Астана»нинг еврокубокларнинг гуруҳ босқичида иштирок этиши Григорий Бабаян учун клуб бош мураббийи лавозимини сақлаб қолиш учун шартлардан бири эди. Қийинчилик билан бўлса-да, жамоа барибир вазифани уддасидан чиқди. «Астана» Конференция лигаси сўнгги саралаш босқичининг илк учрашувида Албаниянинг «Партизани» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Меҳмондаги баҳс бироз қийинроқ кечди. Арчандж Битсоука 25-дақиқада мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо иккинчи бўлим бошида Марин Томасов ҳисобни тенглаштирди. Ўйин охири албанларда қолди, улар сўнгги ҳуштагигача ҳужум қилишди, бир қанча хавфли вазиятлар яратдилар, аммо голга айлантира олишмади.

Конференция лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 1 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Жорий мавсумда «Тобол» ва «Астана»дан ташқари, «Актобе» ва Чимкентнинг «Ордабаси» жамоалари ҳам еврокубокларда иштирок этишди. Конференциялар лигасининг аввалги саралаш босқичида «Ордабаси» Польшанинг «Легия»сига, «Актобе» эса Руминия «Сепси» жамоасига умумий ҳисобда мағлуб бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ