Сурхондарёда мактаб директори калтакланди

Ҳоким Улуғбек Қосимов жабрланган аёлни бориб қўрди. Сурҳондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова шу таълим муассасаси ўқитувчиларидан бирининг турмуш ўртоғи томонидан калтакланганидан сўнг жонлантириш бўлимига ётқизилди, деб хабар беради вилоят прокуратураси ўзининг Telegram-каналида.

Ижтимоий тармоқларда мазкур воқеа ҳақида маълумотлар тарқалгач, прокуратура текширув бошлаганини тан олди. Маълум бўлишича, мактаб директори Умида Турсуновани мактаб ўқитувчиларидан бирининг дарс соатларини асоссиз равишда камайтирганлиги сабаб турмуш ўртоғи томонидан уриб, тан жароҳати етказилган.

Гумонланувчи қўлга олинган. Унга нисбатан ЖК 109-модда 2-қисми («Қасддан баданга енгил шикаст етказиш») ва 277-модда 3-қисми «д» банди («Безорилик») билан жиноий иш қўзғатилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 31 август куни вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов реанимацияда ётган жабрланувчини бориб кўрган.

Ҳокимликнинг аниқлик киритишича, Турсуновага бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш диагнози қўйилган. Мактаб директорининг аҳволи барқарор, тез орада уни туман касалхонасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Қосимов Турсуновага гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилган. Ҳоким жабрланган аёлнинг даволаш жараёнини шахсий назоратга олган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида Турсунова Сурхондарё вилояти раҳбари билан жанжаллашиб қолганди. Мактабларни ўқув йилига тайёрлаш бўйича ўтказилган мажлисда Қосимов Турсунова ўз ишини бажаролмаётгани учун ишдан бўшатилганини маълум қилганди. Директор унинг фикрига қўшилмаган ва жанжал пайтида: «Сиздек ҳокимга уят», деб айтган.

Ҳоким билан жанжал Турсунованинг майда безорилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига бўйсунмагани учун 10 суткага маъмурий қамоққа олиниши билан якунланган. Ўзбекистон мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова аралашгунга қадар у етти кун панжара ортида ўтирган, шундан сўнг Турсунова қўйиб юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ