Ўзбекистонда ХV Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик бошланди

Тошкент кинофестивали логотипи. Кинематография агентлиги матбуот хизмати фотосурат

«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади. Кинофестивалнинг асосий тадбирлари пойтахтда ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбекистон кинематография агентлиги.

Агентлик ишчи гуруҳи кинофестиваль доирасида намойиш этиладиган фильмларни саралаш билан шуғулланмоқда ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Кинофестивал дастуридан маҳорат дарслари, эксклюзив кино намойишлари, кинотеатрларда Жаҳон киноси кунлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари фильмлари фестивали, ёш режиссёрлар учун «Кино 5 кунда» танлови каби тадбирлар ўрин олган.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми бўлган. Фестиваль халқаро майдонда ўз нуфузига эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз ижодини намойиш этиш, тажриба ва фикр алмашиш имкониятини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ