Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Ироқ ва Шом ислом давлати* (ИШИД) билан алоқадор шахс ёрдамида Мексика орқали АҚШга келган 15 нафардан ортиқ ўзбекистонликни қидирмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Жорий йил бошида ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирлар АҚШ жанубий чегарасида бошпана сўраб мурожаат қилишган. Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) ўз маълумотлар базаларида ҳеч қандай зарарли маълумот топмаган ва уларни иммиграция бўйича суд муҳокамасигача қўйиб юборган. Кейинроқ ФҚБ чет эл фуқаролари, жумладан ўзбекистонликларнинг АҚШга киришига ёрдам берган контрабандачилар тармоғини фош қилган, улар орасида ИШИДга алоқадор бир киши аниқланган.
Янгилик бюрони шунчалик хавотирга солганки, махфий разведка ҳисоботи шошилинч равишда Жо Байден маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорларига юборилган. ФҚБ агентлари дарҳол бутун мамлакат бўйлаб янги келган муҳожирларни қидиришга ва уларнинг таржимаи ҳолига ойдинлик киритишга шошилишган. Бюро, шунингдек Туркия ҳукумати билан боғланган, улар ФҚБ илтимосига кўра, террорчилар ва улар тармоғининг бошқа аъзолари билан алоқада бўлганликда гумон қилинаётган шахсни ҳибсга олишган.
Шу билан бирга, АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Эдриен Уотсоннинг сўзларига кўра, «бу тармоқ ёрдам берган шахсларнинг бирортаси хорижий террорчи ташкилот билан алоқаси борлиги ёки АҚШда теракт тайёрлашда иштирок этгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ».
«АҚШга контрабанда тармоғи орқали кириб келган одамлар қўшимча текширувдан ўтказилади ва улар мамлакатдан чиқариб юбориш жараёнида бўлишади. Бундан ташқари, контрабанда тармоғидан ташқарида чегарани кесиб ўтган, лекин ушбу тармоқнинг бир қисми бўлган шахсларнинг профилига мос келадиган ҳар бир киши қўшимча текширувдан ўтказилади, ҳибсга олинади ва тезкор чиқарриб юбориш жараёнига тортилади», — деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
ФҚБ ҳозирча АҚШга Мексика чегараси орқали кирган хорижликлар билан боғлиқ террорчилик режаси аниқланмаганини айтади.
АҚШ расмийларига кўра, ИШИД контрабандачиси террорчи гуруҳ аъзоси эмас, аксинча, унга хайрихоҳ мустақил пудратчига ўхшайди. Ва унинг ИШИД буйруғи билан ўзбекларга ёрдам бергани даргумон. Уларнинг аксарияти АҚШга яхшироқ ҳаёт излаб келишган, деб ишонилади.
Бироқ, тилга олинган тармоқ ёрдамида келган муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам ҳали топилмаган: америкалик мулозимлардан бирининг сўзларига кўра, уларнинг сони 15 дан ортиқ ва ФҚБ уларни эҳтимолий жиноий таҳдид бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
ℹ️ Reuters АҚШ ҳукумати статистик маълумотларига таяниб, 2022 йил октабридан 2023 йил июлигача АҚШ-Мексика чегарасини кесиб ўтган 2 миллионга яқин муҳожирдан 216 нафари терроризмга алоқадорлиги борлиги учун АҚШ кузатув рўйхатида бўлганини ёзади. 2022 молия йилида АҚШ божхона ва чегара хизмати чегарада 3200 га яқин Ўзбекистон фуқаросини аниқлаган, бу 2021 йилга нисбатан 4,5 баравар кўп (700 кишига яқин) бўлган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).