Хитой шимолидаги Хубей провинциясида жойлашган Чжанцзякоу шаҳридан 29 август куни илк бор Ўзбекистонга поезд жўнаб кетди. Бу ҳақда «Синхуа» агентлиги хабар берди.
China Railway Beijing Group (Хитой темир йўллари корпорациясининг Пекин филиали) поездининг жўнаши Хитой — Европа / Марказий Осиё халқаро юк ташиш темир йўл йўналишлари доирасида амалга оширилди.
Авто эҳтиёт қисмлар, маиший техника ва тўқимачилик маҳсулотлари ортилган поезд 15 кун давомида йўлда бўлади. Поезд Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги чегарада жойлашган Шинжон-Уйғур автоном районининг (ШУАР) «Хоргос» назорат-ўтказиш пунктида давлат чегарасини кесиб ўтади ва Тошкентга етиб боради.
China Railway Beijing Group компанияси янги маршрутнинг очилиши минтақада юк ташишни ривожлантириш ва мультимодал ташувлар учун логистика хабни шакллантириш учун катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этади. Бугунги кунда Пекин, Шанси провинцияси ва Ички Мўғулистон автоном райони ёнида жойлашган Чжанцзякоу муҳим юк ташиш маркази ҳисобланади.
ℹ️ Июнь ойида Лангфан — Қашқар — Иркештам — Ўш — Тошкент мультимодал йўналиши ишга туширилганди. Қурилиш материаллари ортилган 41 вагондан иборат контейнер поезди Хитойдан Ўзбекистон пойтахтига йўл олганди. Йўл масофаси тахминан 6000 километр, босиб ўтиш вақти тахминан 12 кун. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ушбу қуруқлик йўналиши Хитойдан Ўзбекистонга юкларни етказиб бериш бўйича энг қисқа ва тезкор йўлга айланганини қайд этди.
2020 йил ёзида Хитойда Ўзбекистонга поездлар Қозоғистон ҳудудини айланиб ўтувчи транспорт йўлаги ишга туширилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу йўналишдаги биринчи юк 5 июнь куни Хитойнинг шимоли-ғарбий Гансу провинциясидаги Ланчжоу темир йўл вокзалидан жўнатилган.